Қирғизистон парламенти (Жогорку Кенеш) 25 октябр куни «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Депутатлар қонун лойиҳасини ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилдилар, деб хабар берди Kloop.
«Бутун Қирғизистон» фракцияси депутати Гуля Қўжоқулова қонун лойиҳасига қарши чиқди. Унинг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликка кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари аллақачон барча ҳисоботларни тақдим этмоқда ва давлат бундай ташкилотларга қарши кўплаб воситаларга эга. Шунингдек, у қонун лойиҳаси бўйича тегишли экспертиза йўқлигини айтди. У ҳамкасбларини қонун лойиҳасига овоз бермасликка чақирди.
Спикер Нурланбек Шакиев қонун лойиҳасини муҳокамасиз қабул қилишни таклиф этди. У қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини айтди. Унинг сўзларига кўра, у халқаро ташкилотлар вакиллари, турли мамлакатлар элчилари билан ўнлаб учрашув ўтказган ва уларни қонун лойиҳаси «фақат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга имкон беришига» ишонтирган.
Якунда қонун лойиҳасини ёқлаб 52 нафар депутат овоз берган, 7 нафари эса қарши чиққан.
Май ойи ўрталарида Жогорку Кенешга «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун ва Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритишни таклиф этувчи қонун лойиҳаси келиб тушди. Ушбу ҳужжат билан 30 дан ортиқ депутатлар гуруҳи Қирғизистонда «хорижий агент» – «чет эл вакили» атамасини ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг ходимлари томонидан муайян қоидабузарлик учун жавобгарликни кучайтирувчи нормаларни жорий этишни таклиф қилди.
Ҳужжатга кўра, хориждан маблағ оладиган ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотлар «хорижий вакиллар» деб тан олинади. Бундай нодавлат нотижорат ташкилотлари қўшимча ҳисоботларни тақдим этиши керак ва улар режадан ташқари текширувларга дуч келиши мумкин.
Қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори, депутат Нодира Норматова сўзларига кўра, ушбу ташаббус сўз эркинлиги ва демократияга ҳеч қандай таҳдид солмайди, шунингдек, нотижорат ташкилотлар фаолиятини чекламайди. Унинг таъкидлашича, ННТ тўғрисидаги амалдаги қонунлар долзарблигини йўқотган ва «давлат манфаатлари, хавфсизлиги ва яхлитлиги учун» нодавлат нотижорат ташкилотлари устидан назоратни кучайтириш зарур.
«Хорижий агентлар» ҳақидаги қонун Россия қонунчилигида ҳам бор. Унга кўра, «хорижий агент» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «хорижий агент» эканини белгилаб қўйиши шарт.















