Кутилганидек «Барселона» шанба кунги класико арафасидаги ўйинда жиддий қийинчиликка учрамади. Лекин бир кун олдин «Реал» билан бўлгани каби каталонияликлар ҳам бу турнирда илк бор гол ўтказиб юборишди. Бу эса Ферран Торреснинг голи офсайд туфайли бекор қилинганидан кейин рўй берди ва ҳисоб 3:0 ўрнига 2:1 кўринишини олди.
Левандовски йўқлигида яна ҳужум учлиги марказидан ўрин эгаллаган Торрес ўйиндаги энг фаол фигуралардан бири бўлди. Айнан у Фермин Лопеснинг зарбасидан кейин устундан қайтган тўпни дарвозага йўллаб ҳисобни очди мухлисларга вафот этган бувисига бағишланган ёзувлар акс этган ички футболкасини кўрсатди. Бунгача каталонияликлар сафида ЕЧЛдаги беш голни энг қисқа муддатда (етти ўйин) уришга фақат Луис Энрике эришганди.
Бундан ташқари, Торреснинг пасидан кейин Фермин Лопес орадаги фарқни оширди, унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси аввал устунга тегиб, кейин дарвоза тўрига бориб тушди. Агар ушбу ёш яримҳимоячи ҳужумларни якунлашда янада аниқроқ ҳаракат қилганида ҳет-трик қайд этиши ҳам мумкин эди. Аммо унда вазиятлар етарлича кўп бўлаётганининг ўзи ҳам кўп нарсани англатади, айниқса класико арафасида. Бу ўйинда ёшлар ташаббусни ўз қўлига олиши талаб этилади, чунки кўк-анорранглиларда жароҳатлар давом этмоқда ва Жоау Феликс ҳам майдонни бевақт тарк этгани Хавига навбатдаги зарба бўлиши мумкин. Лекин сўнгги маълумотларга кўра, унинг жароҳати жиддий эмас ва португалиялик бир неча кун ичида тикланиши мумкин.
Бу турдаги энг камтарона афишага эга бўлган учрашув Пепе туфайли Чемпионлар лигаси тарихига кирди. Португалиялик фахрий футболчи 40 ёшу 241 кунлигида майдондаги футболчилар орасида асосий еврокубок тарихидаги энг ёши катта футболчига айланди. Бунгача бу борада Алессандро Костакурта ва Дэвид Уэйр энг яхши кўрсаткични қайд этиб турганди, Пепе эса уларнинг натижасини бир ойга яхшилади.
Биринчи бўлим охирларида эса меҳмонлар жарима майдони ичидаги тартибсизлик ҳисоб очилиши билан якунланди. Аммо ҳозирча «Антверпен» Чемпионлар лигаси учун жуда мўрт жамоа бўлиб қолмоқда. Белгияликлар ўтган турда икки тўп фарқини сақлаб қола олмасдан «Шахтёр»га ютқазиб қўйганди, нисбатан кучлироқ рақибга қарши ўйиндаги бир гол эса ҳали ҳеч нарсани билдирмасди. «Порту» ҳам буни исботлади ва танаффусдан кейин олти дақиқа ичида икки гол урилди. Захирадан тушиб ҳет-трик қайд этган Эванилсон эса кеча қаҳрамонига айланди.
«Янг Бойз» «Манчестер Сити»нинг ҳужумларига бир бўлим давомида бардош бериб турди, лекин вазиятлардан бирида Бенито тўпни дарвоза чизиғидан қайтаришига тўғри келди, танаффус арафасида эса Родрининг кучли ва хавфли зарбасини дарвозабон қайтарди. Булар табиийки «шаҳарлар»даги вазиятларнинг барчаси эмасди, танаффусдан кейин эса сон билан бирга сифат ҳам қўшилди, дарвозабон Рубен Диашнинг зарбасини тўсганида қайтган тўпни бошқа бир марказий ҳимоячи Аканжи дарвозага киритиб юборди.
Хосеп Гвардиола жамоасида исталган футболчи гол уриши мумкин, аммо ҳимоячилар ўзларининг биринчи галдаги вазифаларини аъло даражада уддалай олишмади. Натижада дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Элиа тўпни Эдерсоннинг устидан ошириб дарвоза тўрига ташлади. Аммо жарима майдони ичида ҳимоячи эҳтиётсизлик оқибатида Родрининг оёғини босиб олиши «Янг Бойз»нинг барча ҳаракатларини йўққа чиқарди. Ҳоланд эса апрел ойида «Бавария»га қарши ўйиндан буён ЕЧЛдаги илк голини уришга муваффақ бўлди.
Агар у гол урмаганида Гвардиоладан нега Алварес захирада қолганини сўрашган бўлишарди. Аввалги турларда уч гол урган аргентиналик ҳужумчи захирадан ўйинга қўшилди ва гол ҳам урди, аммо унинг голи ҳужум вақтида Грилиш қўли билан ўйнагани туфайли бекор қилинди, бу эса жаҳон чемпионининг самарадорлигини бекор қила олмайди. Ғолибларни қоралашмайди, Ҳоланд эса қулай жойда очилиб, яна бир бор аниқ зарба йўллаш орқали асосий еврокубокда қандай гол уришни бутунлай эсдан чиқариб қўймаганини кўрсатди. У турнирдаги голлари сонини 37 тага етказди ва афсонавий Ференц Пушкашни ортда қолдириб, турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар йигирматалигига кирди.
Бу гуруҳдаги бошқа ўйинда фаворитнинг иши анча осонроқ кечди, «Црвена Звезда» дарвозабони Раум гол урган вақтда қутқара олмади. Шунга қарамай, биринчи бўлим ўрталарида «Лейпциг» ҳам бир неча ёқимсиз дақиқаларни бошдан ўтказишига тўғри келди. Улар ҳакамни VAR тавсияси бўйича мониторга бориб, Лукеба тўпга ўйнаганини кўриши ва белгиланган пеналтини бекор қилишини талаб қилиши талаб этилди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар Чави Симонснинг узоқ масофадан тўққизликка йўлланган зарбасидан кейин ҳам нокаутга учрашмади ва жавоб голини уришди. Фақат ўйин охирида, жароҳатдан кейин формасини тиклай бошлаган Дани Олмонинг голидан кейингина оқ байроқ кўтарилди. Бу квартетда олдиндан фаворит бўлганлар нисбатан камтарроқ рақибларига ҳеч қандай имкон қолдирмаяпти.
«Ўлим гуруҳи» ўзига ёпиштирилган ёрлиққа тўла мос бўлмоқда. F квартетидаги ҳар бир ўйинни кузатиш қизиқарли бўлмоқда, бу ерда тўпланган юлдузлар нафақат ўз маҳоратини намойиш этмоқда, балки ўз имкониятларини тўлиқ ишга солиш заруратини ҳис қилишмоқда. Дастлабки турларда жамоаларнинг барчаси очко йўқотишга улгургани ажабланарли эмас. «Милан» эса бу ўйинларда гол ўтказмаган бўлса-да, гол ҳам урмади.
Бу гуруҳда охирги турга қадар плей-офф иштирокчилари номи маълум бўлмаслигига шубҳа йўқ. «Нюкасл»нинг ҳам, «Боруссия» ва «Милан»нинг ҳам иштирокини гуруҳ босқичидаёқ тарк этиши ҳақиқий сенсация бўлади. «Пари Сен-Жермен» ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ — Мбаппени Европа Лигасида кўриш жуда ғалати кўринган бўларди.
Парижликларнинг ўтган турда Англияда учралган мағлубияти жуда оғриқли қабул қилинди ва жамоа мухлислари бунинг учун бош мураббий Луис Энрикени қаттиқ танқид қилишди. Ўшанда Франция чемпионлари ҳаддан ташқари ҳужумкор ўйнашга қарор қилган ва бошланғич таркибда бирданига тўрт нафар ҳужумчи туширилганди.
Энрике хатосини тан олди ва шундан кейин бундай авантюрага қайтмади. Кимнидир қурбон қилишга тўғри келади ва «Милан» билан ўйинда Гонсалу Рамуш захирада қолдирилди. Аммо португалиялик футболчисиз ҳам ҳужум чизиғи даҳшатли кўринишда.
Бу ўйиндаги интрига «ўлим гуруҳи» ҳисобга олинмаганида ҳам етарли эди: Доннарумма «Милан»га, Менян ўзини тарбиялаган «ПСЖ»га, ака-ука Эрнандезлар бир-бирига қарши... Қолаверса, қизил-қоралар еврокубок ўйинида илк бор бирорта италиялик бўлмаган таркиб туширди.
Ўйин секин суръатда бошланди ва мезбонларнинг дарвоза соҳасига борган илк зарбаси биринчи бўлим ўрталарида кузатилди. Аммо парижликлар пайт пойлаётгани маълум бўлди. Улар «Милан» ижросидаги кучли оралиқда туриб беришди, кейин эса ҳисобни очишди.
Голни Мбаппе урди, аммо унда асосий ишни вундеркин Заир-Эмери бажарди — 17 ёшли ҳавбек вақт ўтган сари ўзининг ақлли ўйини ва жисмоний тайёргарлиги билан ҳайрон қолдирмоқда. У майдоннинг иккинчи қисмида пас қабул қилиб олди ва рақибларни ортда қолдирган ҳолда тўпни олдинги чизиққа олиб бориб, форвардга ассистентлик қилди.
«ПСЖ» биринчи бўлимда барча муҳим статистик параметрлар бўйича рақибдан устунлик қилди ва биттадан ортиқ гол уриши ҳам мумкин эди. «Милан» иккинчи бўлимда очилишга мажбур эди, уларга гол керак эди ва бундан Энрике жамоаси фойдаланди.
Меҳмонлар тобора кўпроқ ҳудудларни бўш қолдира бошлади. Бунга кўп жиҳатдан Стефано Пиоли танаффусда амалга оширган ўзгартиришлар сабаб бўлди: у сариқ карточка ишлаган Тшауни майдондан олди, Калулуни ҳимоя марказига кўчирди, Калабрия эса ўнг қанотга юборилди, чунки Мбаппега қарши туриш жуда қийин эди.
«Милан» кўпроқ ҳужумни ўйлади, аммо мудофаани ҳам унутмаслик керак эди. Меҳмонлар жуда кўп хатога йўл қўйишди ва улардан бири қимматга тушди. «ПСЖ» иккинчи бўлим бошида дарвозани ишғол этди, аммо Дембеленинг французлар жамоасидаги дебют голи ҳужум вақтида Угарте томонидан қоида бузилгани туфайли бекор қилинди. 53-дақиқада эса ҳакамлар ҳам миланликларни қутқара олмади — уларнинг барчаси бурчак зарбаси тезкор ижро этилганида доғда қолишди ва Коло Муани ҳеч қандай қаршиликсиз ҳисобдаги фарқни оширди.
Меҳмонларда бутун иккинчи бўлим давомида биргина вазият юзага келди, Жиру ноқулай вазиятда туриб ҳам ўткир бурчакдан хавфли зарба берди. «ПСЖ» ҳисобни анча йирик кўринишга келтириши мумкин эди. Мбаппе ёрқин ўйин кўрсатди, ҳимоячилар унга истаганча ҳаракат қилишга йўл қўйиб беришди. Аммо форвард барибир иккинчи голини ура олмади.
Ўйиндаги учинчи гол Ли Кан Ин томонидан урилди — бир неча ой олдин «Малиорка»дан келган кореялик ҳозирча янги клуби сафида гол урмаганди, аммо бу оқшом унинг орзуси амалга ошди ва айнан у «ПСЖ»нинг ўтган мавсумги ЕЧЛ яримфиналчиси устидан йирик ғалабасини таъминлади. Французлар жамоаси Нюкаслдаги мағлубият учун ўзини оқлай олди ва «ўлим гуруҳи»да етакчи бўлиб қолди. Ноябрда жамоага Миланда жавоб учрашуви кутмоқда.
Ўтган турда «Сент Жеймс Парк»да «ПСЖ» томонидан яксон этилган «Боруссия» бу сафар буткул бошқача жамоа эди. Бир томондан «Нюкасл» сафидаги муаммолар дортмундликларнинг ишини енгиллаштирди — мезбонлар сафида ўйин натижаларига пул тикиш бўйича можарода айбланаётган Тоналини 10 ойлик дисквалификация кутмоқда ва унинг руҳий ҳолати яхши эмас, 15-дақиқада эса жамоанинг асосий ҳужумчиси Исак жароҳат олиб майдонни тарк этди.
«Асаларилар» жамоаси ҳам биринчи бўлим давомида жароҳат туфайли Эмре Жанни йўқотди, аммо бу ўйин сифатига таъсир кўрсатгани йўқ. Поуп бир ҳужум давомида Мален ва Фюллкругнинг зарбаларини қайтариб иккиталик сейв ижро этган бўлса, бўлим охирида Шлоттербек майдон марказида тўпни олиб қўйиб, ҳужум уюштирганида Нмеча йўллаган идеал зарба қаршисида ожиз қолди. Бу гол ғалаба голи бўлиб қолди, аммо меҳмонлар устунликни сақлаб қолиш учун кўп тер тўкишига тўғри келди. Кобел муқаррар голдан қутқарди, икки марта эса тўп дарвоза тўсинига тегди. Гуруҳ босқичи ярмига келиб Дортмунд иккинчи ўринга чиқиб олди.
«Атлетико» яна биринчи бўлиб гол ўтказиб юборди. Фақат бу ибора рақибга нисбатан адолатсизлик бўлиши мумкин. Шотландия чемпионлари қадрдон «Селтик Парк»да бутунлай бошқача ўйин намойиш этади, Глазгога қайтган Брендан Рожерс эса томошабоп ўйин қўймоқда. Шу билан бирга, «келтлар» ўзининг юқори суръатини 90 дақиқа давом эттириши қийин.
Фуруҳасининг тезкор голидан кейин статистикачилар эсга олиб қолишди: «Селтик» ЕЧЛда дастлабки беш дақиқада гол урган ўйинларида ҳеч қачон ғалаба қозона олмаган. Улар бу сафар ҳам ғалабани сақлаб қола олмади, аммо дуранг билан фахрланса бўлади. Глазго жамоаси кучли бешлик вакилларига қарши ўйинларда 2016 йил декабридан буён илк бор очко ололди. Мората иккинчи бўлим бошида иккинчи марта ҳисобни тенглаштирганида мезбонлар синиб қолишмади, қолаверса, Де Паулнинг четлатилиши ўйин охирида фаоллашишга ёрдам берди.
Бир йил олдин ушбу жамоалар Европа Лигасида бир гуруҳдан жой олишганди ва ўшанда барчаси сўнгги турда ҳал бўлган, уч жамоа бир хилда очко тўплаганди. Якунда «Лацио» плей-оффга чиқа олмасдан, Конференциялар лигасига тушиб кетган, ҳал қилувчи голни эса Ҳименес урганди. Ушбу форвард ундан олдин ҳам Римдаги ўйинда икки гол ургани инобатга олиса, бу мексикалик форвардни Рим «бургутлари» учун даҳшатли туш деб аташ мумкин.
Шундай экан, Ҳименеснинг чоршанба кунги навбатдаги ютуқларидан ажабланишга ҳожат йўқ эди, Чемпионлар лигасидаги дебютда ўзи яхши танийдиган рақибга қарши ўйнагани унга қўл келди. Аввалига унинг голи кичик офсайд туфайли бекор қилинди, аммо иккинчи уриниш муваффақиятли чиқди. Танаффусдан кейин эса яна бир бор дарвозани ишғол этди. «Лацио»га қарши уч ўйиндаги беш гол — жуда ажойиб натижа. Аммо, албатта, бунда жамоадошларининг ҳам ҳиссаси бор, улар орасида икки голда қатнашган Стенгс ҳамда узоқ бурчакка қайтариб бўлмас зарба йўллаган Зеррукини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
«Милан» 1-марта асосий еврокубокдаги ўйинида бошланғич таркибга бирорта ҳам италиялик футболчини киритмади.
«Лацио» вингери Педро 36 ёшдан кейин ЕЧЛда қаторасига икки ўйинда гол урган 3-футболчи бўлди — Криштиану Роналду ва Жирудан кейин.
Стефано Пиоли «Милан» бош мураббийлигидаги 200-ўйинини ўтказди. У бу довонга етган олтинчи мутахассисга айланди, энг юқори натижа эса Карло Анчелоттига тегишли (420 ўйин).