Россия Марказий банки асосий ставкани 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 15 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу сўнгги 4 ой ичида асосий ставканинг тўртинчи марта оширилиши ҳисобланади. Хусусан, Россия бош регулятори асосий ставкани июл ойида 1 фоизга, август ойида (рубл курсининг қулаши фонида) 3,5 фоизга ва сентябрда яна 1 фоиз бандга кўтарган эди.
«Ҳозирда инфляция босими сезиларли даражада ошди, бу Марказий банк прогнозларидан ҳам юқори. Бундай шароитда нархлар ошишининг белгиланган кўрсаткичлардан юқорига оғиш кўламини чеклаш ва инфляция даражасини 2024 йилда 4 фоизга қайтариш учун пул-кредит сиёсати янада қатъийлаштирилиши зарур», дея изоҳ берган Россия МБ.
Асосий ставка нима?
Марказий банк асосий ставкаси – инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструменти бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Ушбу ставкани ўзгартириш орқали Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини белгилаб боради.
Асосий ставканинг вазифаси қуйидагилардан иборат:
- мамлакатдаги инфляцияни секинлаштириш ёки қисман тўхтатиб туриш;
- банкларнинг тадбиркорлар ва фуқароларга бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг энг кам даражасини белгилаш;
- Марказий банкнинг банкларга уларнинг қисқа муддатли ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган қайта молиялаштириш кредити қийматини аниқлаш;
Содда қилиб тушунтириладиган бўлса, Марказий банк белгиланган асосий ставкадан келиб чиқиб, тижорат банкларига кредит беради. Ўз навбатида тижорат банклари олинган пулга ўз фоизини қўшиб жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз кўринишида қайта тарқатади. Асосий ставканинг ошиши ўз навбатида тижорат банклари томонидан фуқароларга тақдим қилинадиган кредитлар фоизлари ҳам ошишига таъсир ўтказади.
Россия Марказий банки нега ставкани оширмоқда?
Россия Бош регуляторининг тушунтиришича, ички талабнинг ўсиши ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларидан ошиб кетган. Бундай шароитда инфляция босимини камайтириш учун пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш зарур. Шунингдек, ишчи кучи танқислиги шароитида ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятлари ҳам чекланган.















