28 октябр куни Исроил мудофаа армияси вакили, генерал-майор Нир Динар қўшин қисмлари Ғазо секторига кирганини тасдиқлади. «Бизнинг қўшинлар ва танклар Ғазо секторида бўлиб турибди. Улар ўт очади ва ҳаракатланади», — дея унинг сўзларини келтирган The New York Times. Динар Исроил қўшинлари ва  танклари «бир кун олдин ҳам секторда бўлгани»ни қўшимча қилган. Катта эҳтимол билан у ЦАҲАЛ сўнгги кунларда секторда ўтказган рейдларни назарда тутган.

Ғазо сектори аҳолиси Исроилнинг уруш бошланганидан буён энг интенсив ҳужумлари ҳақида хабар берди. Haʼaretz нашри Ғазо секторининг шарқий қисмида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилига асосланган ҳолда секторнинг шимолий қисми тунда «тўхтовсиз бомбардимон» қилинганини хабар қилган. Нашр шунингдек секторнинг марказий қисмида ва жанубда Хон-Юнисда ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб борилганини билдирган. ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» вакиллари Ғазо шимолида исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашув бошланганини тасдиқлаган. Haʼaretz айни вақтда қурбонлар сонини баҳолаш имконсизлиги, чунки тиббий бригадалар билан алоқа узилиб қолганини маълум қилган.

ҲАМАСдагилар исроилликларнинг ҳужумларига «тўлиқ куч билан» қаршилик кўрсатилишини билдирган. Sky News хабарига кўра, 28 октябр куни гуруҳ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг «мағлуб армияси ҳеч қандай ҳарбий ғалабага эриша олмаслиги»ни билдирган. 

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан суҳбатда «Исроил мудофаа армиясининг амалиёти вақтида тинч аҳолини муҳофаза қилиш» кераклигини айтган. Остин шунингдек Ғазода тинч аҳоли вакиллари учун инсонпарварлик ёрдамлари етказилиши муҳимлигини қайд этган. 

Исроил раҳбариятининг баёнотлари ва ваъдалари

Шанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Тел-Авивда яқинлари ҲАМАС қўлида гаровда бўлган исроилликлар билан учрашув ўтказди. Гаровдагиларнинг оила аъзолари Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар фаоллашганидан хавотир билдиришган.

«Гаровдагилар ва йўқолганларнинг оилалари форуми» Исроил қўшини Ғазо сектори шимолига кирган тун «энг даҳшатлиси» бўлганини маълум қилган.

Улар ҳеч ким «қуруқлик амалиёти гаровдаги 229 кишининг ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйдириши мумкинлиги» борасида ҳеч қандай изоҳ бермаётганидан шикоят қилишган.

Нетаняҳу уларни уйга қайтариш учун барча имкониятлар ишга солинишига ваъда берган.

Нетаняҳу Исроил қуруқлик кучлари «ёвузлик таянчи» бўлган ҳудудга (у бу орқали Ғазо секторини назарда тутган) ҲАМАСни йўқ қилиш ва гаровдагиларни уйга қайтариш учун кирганини қайд этган.