Россия ҳарбийларида сўнгги бир йил ичида Бахмут ва Соледардан сўнг нисбатан йирик учинчи аҳоли яшаш манзили Авдийивкани эгаллаш имконияти пайдо бўлган. Украина ҚК ҳозирча Днипронинг сўл қирғоғида муваффақиятини ривожлантира олмаяпти. Бу воқеалар фонида Ғарбда Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш борасида кескин мунозаралар пайдо бўлган.

Украиналик ҳарбий хизматчилар фронтда. Фото: Володимир Зеленскийнинг Телеграм канали

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.

Авдийивка биринчи планга чиқди

Фронтдаги вазият етарли тарзда статик кўриниш олди. Томонларда сезиларли силжиш ёки янги муҳим жанглар кузатилмаяпти. Бироқ ҳафта ичида агар принципиал бўлмаса ҳам, Авдийивка атрофидаги вазият сезиларли даражада ўзгарди. Унинг йўқотилиши тобора ойдинлашмоқда ва Украина ҚКнинг 2023 йилги ёзги қарши ҳужум кампаниясининг барча натижаларини йўққа чиқариш билан таҳдид қилмоқда, бу эса Украинани 2024 йилда молиялаштиришга тўғридан тўғри таъсир ўтказиши мумкин.

Аввал халқаро кузатувчилар, сўнгра Украина нашрлари РФ қуролли кучлари (турли баҳолашларга кўра) икки минг аскари ва (фотолар бўйича санаб чиқилган) юздан ортиқ техникасидан айрилиб, Авдийивкани жиддий ярим қамал ҳолатига қамай олишгани ва Украина таъминот коридорини етти километр кенгликкача торайтиришгани (аввал 9 км эди)ни таъкидлашди. Авдийивка шимолий-шарқий четидаги кокскимё комбинатининг «террикони» 20 октябр куни РФ ҚК томонидан эгаллангани шаҳарни мудофаа қилиш имкониятларига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Энди инсон қўли билан яратилган, диаметри 300 метр бўлган ясси тепалик устидан туриб нафақат шаҳарнинг шимолий қисмини кузатиш ва ўққа тутиш, балки комбинатнинг саноат зонасига ҳужум ҳам уюштириш имконли бўлиб қолди. Бахмут ва Соледар (аввалроқ Северодонецк ва Лисичанск, ундан аввалроқ Изюм) тажрибасидан маълумки, Россия штурмчи гуруҳлари шаҳарга киргач, гарчи қарама-қаршилик ойлаб давом этса ҳам украиналик мудофаачиларда шаҳарни ушлаб қолиш имконияти қолмайди.

Украиналик мухбирларнинг сўнгги кунларда эълон қилган фотосуратларига қараганда Авдийивканинг ҳозирги ҳолати бир ярим йилдан буён ўққа тутилаётган ва бомбаланаётган шаҳар учун яхши сақланиб қолган. Украина ҚК у ерда ҳали узоқ жанг қилиши мумкин эди.