Ўзбекистон | 18:09 / 01.11.2023
23383
2 дақиқада ўқилади

Сардор Раҳимхон «Вақф» фонди раҳбари ўринбосари этиб тайинланди

Фонднинг хайрия акцияларини оммалаштириш мақсадида ижтимоий тармоқларда меҳр-мурувват акциялари ва «Юрак амри» номли хайрия ишлари билан танилган Сардор Раҳимхон Фонд раҳбари ўринбосари – «Вақф» хайрия ишлари бўйича директор лавозимига тайинланди.

2023 йил 1 ноябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқаруви аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фонд бошқаруви раҳбари Исахон Абдуллаев бошчилигидаги йиғилишда ташкилий масала кўрилган.

«Фонднинг хайрия акцияларини оммалаштириш мақсадида, меҳр-мурувват ишларини уюштириш, ногирон болаларга ёрдам қўлини чўзиш ва синовли кунларда кўнгли ярим инсонлар қалбига йўл топишда «Юрак амри» номли хайрия ишлари билан танилган Сардор Раҳимхон (Санжар Раҳимов) Фонд раҳбари ўринбосари – «Вақф» хайрия ишлари бўйича директор лавозимига тайинлангани эълон қилинди», дейилади диний идора хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Сардор Раҳимхон пандемиянинг дастлабки даврларида Ўзбекистонда қисқа муддатли хайриялар учун ташкил қилиб юрган. Кейинчалик, 2021 йил 12 июлда «Юрак амри» хайрия жамоат фонди лойиҳаси расман фонд сифатида ташкил қилиниб, фаолиятини давом эттирган.

2022 йил май ойида «Юрак амри» хайрия жамоат фондининг фаолияти вақтинча тўхтатилганди. Фонд асосчиси ва етакчиси Сардор Раҳимхон буни лойиҳа масштаби кенгайиб кетгани боис эҳтимолий хатоларнинг олдини олиш, дея изоҳлади. «Янада кучга тўлиш, хатоларимизни ислоҳ қилиш ва расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсадида мана шундай қарорга келдик, азизлар», деган эди у.

2023 йил октябр ойида Зиёвуддин домла Мирсодиқов ўз аризаси билан «Вақф» фонди раҳбари лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига Исахон Абдуллаев тайинланганди.

Мавзуга оид