Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда қўлга олинган россиялик миллиардер Кузмичев гаров эвазига озод қилинди
«Альфа-Групп» асосчиларидан бири «солиқ фирибгарлиги»да гумон қилинмоқда. У 2022 йил мартидан бери Европа Иттифоқи санкциялари остида.
30 октябр куни сўроқ учун Францияда қўлга олинган «Альфа-Групп» асосчиси Алексей Кузмичев саккиз миллион евролик гаров пули эвазига қўйиб юборилди. Бу ҳақда 1 ноябр, чоршанба куни кечқурун Франциянинг Le Monde газетаси хабар берди.
Алексей Кузмичевга қарши пул ювиш бўйича тергов ўтказилмоқда
Нашрнинг Франция миллий молия прокуратураси (PNF) маълумотларига таяниб таъкидлашича, россиялик миллиардернинг қўлга олиниши «солиқ фирибгарлиги, пул ювиш ва уюшган жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этиш» бўйича гумонлар туфайли юз берган.
Прокурор Алексей Кузмичевни ҳибсга олишни сўраган, аммо у гаров тўлаш мажбурияти билан суд биносини тарк этган. Ҳозирда тадбиркор суд назорати остида ва унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланган.
Шу билан бирга, молия прокуратураси россиялик тадбиркорнинг иши бўйича расмий тергов бошланганини маълум қилди. Reuters таъкидлашича, Францияда бундай терговнинг бошланиши қўлга олинган шахсга айблов қўйилгани ёки тергов ҳаракатлари судгача олиб борилиши керак, дегани эмас. Ҳуқуқ-тартибот идоралари терговни давом эттириш учун етарли асос бор, деб ҳисобламоқда. Тергов ҳаракатлари ишни судга ўтказиш ёки унинг материалларини архивга топшириш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар бир неча йиллар давом этиши мумкин, дея таъкидлайди агентлик.
Москва тадбиркорни ҳимоя қилишга тайёр
Аввалроқ солиққа оид фирибгарлик иши бўйича тергов доирасида россиялик тадбиркорнинг Париждаги уйи ва Сен-Тропедаги вилласида тинтувлар ўтказилган эди. Кузатувчилар Россия президенти Владимир Путинга яқин деб ҳисоблаган Алексей Кузмичев қўлга олинганидан сўнг, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков агар «ушланган шахс хоҳласа», Москва «Россия фуқароси сифатида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беришини» айтди.
2022 йил март ойидан бери Кузмичев Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкциялар остида. Ушбу санкциялар муносабати билан Франция расмийлари унинг иккита яхтасини мусодара қилди. Ўз навбатида, тадбиркор француз божхоначиларига қарши даъво аризаси билан чиқди ва 2022 йил охирида иккала яхтанинг хатловга олиниши бекор қилинди.
Мавзуга оид
09:45
Францияда Шенген визаси олиш тартиби ўзгарди
08:17 / 30.06.2026
Саида Мирзиёева: Франция билан стратегик шериклик янада мустаҳкамланади
20:54 / 28.06.2026
Францияда парашютчилар мактабига қарашли самолёт қулаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди
10:27 / 27.06.2026