Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил ноябр ойида Францияга расмий ташрифи давомида ҳам ушбу мамлакат ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашган. Ўшанда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш юзасидан аниқ келишувларга эришилган эди. Бугунги учрашув ушбу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди.
Франция томонидан тадбирда ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегат Оливь Бешт, иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири ҳузуридаги саноат масалалари бўйича вазир-делегат Ролан Лескюр, «MEDEF International» бизнес уюшмаси бош директори Клод Имовен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу қатнашди.
Бундан ташқари, тадбирда EDF, Voltalia, Total Energies, Orano, Eiffage, Veolia, SUEZ, Lactalis, Semai, Semmaris, Alstom, Airbus Helicopters, ATR, Vicat, Mobilitas, Boehringer Ingelheim, Thales, Aramine, Meridiame, Societe Generale, Natixis каби йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.
Кўҳна Самарқанддаги учрашувни очар экан, давлатимиз раҳбари президент Эммануэл Макронни ва Франция ишбилармон элитаси вакилларини самимий қутлади.
Олий даражадаги фаол мулоқотлар туфайли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда ижобий суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан ўзаро савдо ҳажми уч баробар, кейинги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баробар кўпайди.
Тўғридан тўғри савдо алоқалари ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос экани қайд этилди.

– Бугун қадрли ҳамкасбим билан ниҳоятда самарали музокараларни ўтказдик, ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ўзаро муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятидамиз, – деди Ўзбекистон президенти.
Давлат раҳбари ўз нутқида етакчилар келгусида савдо ҳажмларини кескин ошириш, Франция компанияларининг инвестициявий фаолиятини фаоллаштириш масалаларига ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олганларини қайд этди.
Бунда қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади, бизнес учун янада қулай шароитлар яратилади ва ишбилармонлик ташаббусларига ҳар томонлама кўмаклашилади.
Бугунги кунда энергетика, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда катта натижаларга эришилмоқда.



















