08:33 / 03.11.2023
13941

Ўзбекистонда ажрашганларнинг ўртача ёши маълум қилинди

Январ-сентябр оралиғида ажрашганларнинг ўртача ёши эркакларда 37, аёлларда 32,9 ни ташкил этди. Ажрашган оилаларнинг ярмидан кўпида фарзанд бўлмаган.

Ўзбекистонда никоҳдан ажрашганларнинг ўртача ёши 2023 йилнинг январ-сентябр ойларида эркаклар учун 37 ёшни, аёллар учун 32,9 ни ташкил этди

Статистика агентлигига кўра, бу давр давомида жами 184 минг 461 та никоҳ қайд этилган. Ажрашишлар сони 37 654 тани ташкил этган. Никоҳланганларнинг ўртача ёши аёлларда 22,5 ёш, эркакларда эса 27,3 ёш бўлган. Қайд этилган никоҳларнинг энг катта улуши 25 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келган (жами никоҳларнинг 74,6 фоизи).

2023 йил январ-сентябр ойларида қайд этилган никоҳдан ажралишлар сони 37,7 минг бирликни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 17,7 мингтага кўпайгани кузатилди.

Фарзандсиз никоҳдан ажралишлар сони 19 минг 94 тани ташкил этган. Бу жами ажрашганларнинг 50,7 фоизига тўғри келади. 27,2 фоиз ҳолатда 1 нафар фарзанд билан, 22,1 фоиз ҳолатда 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан ажралиш қайд этилган.

Top