Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади.
Президент ўз сўзини қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг қуйидаги даъвати билан бошлади: «Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!»
«Ушбу ибратли сўзлар бугунги шиддатли замонда – Туркий давлатлар ташкилоти ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бораётган бир даврда албатта чуқур маънога эга. Тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган қардош халқларимиз овози эндиликда дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, дўст Қозоғистон элини яқинда кенг нишонланган мамлакат миллий байрами – Республика куни муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Шунингдек, Туркия президенти, қардошим Ражаб Тоййиб Эрдўған жаноби олийларини ва бутун турк халқини Республика эълон қилинган куннинг қутлуғ 100 йиллик тантаналари билан самимий табриклайман», – деди Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Қорабоғ устидан суверенитетини тиклаганига тўхталиб ўтди.
«Барчангиз яхши биласиз, туркий дунёда дўст Озарбойжон халқи ўзининг муносиб ўрни ва катта обрў-эътиборига эга. Сўнгги йилларда Озарбойжон халқи қадрли биродарим Илҳом Ҳайдарович етакчилигида оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда.
Тарихий адолат қарор топиб, мамлакатнинг ажралмас қисми бўлган Қорабоғ ҳудудини бунёдкорлик маконига айлантириш борасида улкан натижаларга эришилмоқда.
Мен август ойида Шуша ва Фузулий шаҳарларида бўлиб, кенг кўламли ўзгаришларга, замонавий инфратузилма барпо этилаётгани, вайрон бўлган маданий мерос объектлари қайта тикланаётганига шахсан гувоҳ бўлдим.
Озарбойжон халқини буюк ғалаба – мамлакат ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тиклангани билан яна бир бор чин юракдан самимий табриклайман», – деди президент.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда. 160 миллион аҳолини қамраб олган ташкилот ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир.
«Бизнинг мамлакатимиз ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатганини катта мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман.
Ўтган йили «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» шиори остида бўлган Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжатлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
















