Аммо Россиянинг юриши фақат кучайиб бормоқда, янгидан янги бўлинмалар олиб келиниб жангга ташланмоқда, кўпинча артиллерия қўлловисиз. Ушбу аҳоли яшаш манзили Россия учун нега бунчалик муҳим? BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев шу саволларга жавоб излади.
Авдийивка истеҳкоми нимадан иборат?
Бу 2014 йилда Россиянинг прокси-қўшинлари билан жанглардан кейин Украина ўз назоратида сақлаб қолган ҳудуддир. У Россия мудофаасига чуқур кириб борган «ханжар»да жойлашган, плацдарм вазифасини ўтайди, рақибнинг катта кучларини ўзи билан шуғулланишга мажбур қилади ва Донецк атрофидаги логистик йўналишларга таҳдид солади.
Украина қуролли кучлари Авдийивканинг ўзида ва унинг атрофида кучли бетон истеҳкомлар ва бошпаналар барпо этган, ўнлаб километр узунликдаги хандақлар қазилган ва бу ҳудудда катта миқдордаги қўшинлар гуруҳи ушлаб турилади. Шаҳар атрофидаги кенглик миналаштирилган ва яқинлашиб келадиган нишонлар осон ўққа тутилади.
Россияликларнинг 2022 йил февралигача ҳам мазкур хавфли «бўртиқ»ни олиб ташлаш учун қилган уринишлари муваффақиятсизликка учраган.
«Бундай артиллерия тайёргарлигини бутун уруш давомида кўрмагандим»
Ҳар қандай мустаҳкамланган ҳудуднинг заиф жойлари ҳам бўлади. Авдийивка ҳолатида бу бўртиқнинг олд (фронтал) томонидагига нисбатан шимол ва жанубда нисбатан чўзилган ҳамда камроқ мустаҳкамланган қанотлардир. Россия қўмондонлиги ҳам ҳозирги юриш амалиётига тайёрланиш вақтида айнан қанотларни нишонга олганди. Унинг режалари олдиндан маълум — шимол ва жанубдан зарбалар бериш орқали украин қўшинини қуршовга олишга ҳаракат қилиш ва уларни чекинишга мажбур қилиш.
Россия қўшини Авдийивкага кенг фронт бўйлаб юришни 10 октябр куни бошлаганди. Шаҳарга ҳужумлар авиация, артиллерия ва зирҳли техникаларни ёппасига қўллаган ҳолда бир неча йўналишларда бошланди.
«Бутун уруш давомида мен ҳеч қачон бундай артиллерия тайёргарлигига гувоҳ бўлмаганман. Ҳамма нарсадан отишди: авиация, градлар, смерчлар, солнцепёклар… Стволли артиллерия ҳақида айтишга ҳожат йўқ, ўз-ўзидан ПТУР ва миномётлар ҳам, бир сўз билан айтганда жаҳаннам бошланди. Ҳатто мени ҳам ҳайратда қолдиришди, — дея ёзган россиялик ҳарбий томонидан юритиладиган „Вожак Z“ телеграм-канали муаллифи. — Биз барча йўналишларда босим уюштирди, жуда кучли босим. Мавжуд маълумотларга кўра, айрим участкаларда натижалар бор».
Кейинги бир неча кун давомида «Вожак Z» оғир жанглар, ютуқлар ва кичик илгарилашлар ҳақида ёзди. Еттинчи кунга келиб оҳанг ўзгарди.














