Ўзбекистон | 08:57 / 07.11.2023
7339
2 дақиқада ўқилади

Россияда 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликнинг паспорти олиб қўйилиб, мажбурий меҳнатга жалб этилгани аниқланди

Сентябр-октябр ойларида Москва вилоятида рўйхатдан ўтган МЧЖ 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликни Свердловск вилоятидаги йирик товуқ етиштириш хўжалигига олиб келган. Мигрантлар Россияда вақтинча бўлиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилмасдан ишга жалб этилган.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консуллиги ходимлари Ташқи меҳнат миграция агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда Россиянинг Урал федерал округида мажбурий меҳнатга жалб этилган ўзбекистонликларнинг ватанга қайтишига кўмак кўрсатди.

Бош консулликдан олинган маълумотларга кўра, шу йил октябр ойида Ўзбекистон фуқаролари  Х.С., Б.С., У.Д. Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Екатеринбург шаҳридаги вакилига мурожаат қилиб Свердловск вилоятидаги «Рефтинская птицефабрика» корхонаси иш берувчилари бир гуруҳ ватандошларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйганини ҳамда ойлик маошларини бермасдан мажбурий тарзда ишлатиб келаётганини маълум қилган.

Ватандошларнинг мурожаатлари асосида олиб борилган суриштирувларга кўра, жорий йилнинг сентябр-октябр ойларида Москва вилоятида рўйхатдан ўтган «Константа» МЧЖ 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликни Свердловск вилоятидаги йирик товуқ етиштириш хўжалигига олиб келган. Мигрантлар Россияда вақтинча бўлиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилмасдан ишга жалб этилган.

Ватандошлар билан мулоқот давомида улар 2 ой давомида ойлик маошларини олмагани, фуқаролик паспортлари тортиб олингани аниқланди.

Корхона раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида 53 нафар ўзбекистонликнинг фуқаролик паспорт олиб берилишига эришилди ва уларга ватанга етиб олиши учун кўмак кўрсатилди. Қолганлар эса Екатеринбург, Москва ва бошқа шаҳарларида қонуний тарзда ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид