Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга амалий ташрифи ўз ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Ташриф давомида Корея Республикаси Персонални бошқариш вазири Ким Син Хо билан мулоқот ташкил этилди. Музокараларда инсон ресурсларини бошқариш ва давлат хизматини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолашди. Унга кўра, инсон ресурсларини бошқариш жараёнини рақамлаштириш, давлат хизмати ва компетенцияларни баҳолаш масалалари бўйича тажриба алмашиш, раҳбар кадрлар учун Жанубий Кореяда малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил этишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади.
Бундан ташқари, Отабек Ҳасанов 25 та мамлакатнинг давлат хизматида инсон ресурслари масалалари бўйича масъул раҳбарлари қаторида "Рақамли технологиялар ривожланишининг давлат инсон ресурслари соҳасига таъсири" мавзусида HR-етакчилар форумида иштирок этди.











