«Олд Траффорд»да кечган аввалги тур ўйинида «МЮ» қийналиб натижага эришганди, Копенҳагенда эса аввалига барчаси кўнгилдагидек бошланди. Ван-Биссака ва Мактоминай иштирокидаги комбинация нозик ҳаракатлар билан амалга оширди, якунда эса Ҳойлунд ўзи туғилиб ўсган шаҳарга қайтишини гол билан нишонлади. Кейин эса даниялик тўпурар Гарначонинг зарбасини дарвозабон қайтарганида тўпни бўш қолган дарвозага йўллаб, дублни расмийлаштирди. У бу орқали укаси Эмилга жавоб қайтарди, УЕФА Ёшлар лигаси ўйинида кичик Ҳойлунд «МЮ» дарвозасини ишғол қилганди.
Эътиборли жиҳати, катта Ҳойлунд фақат Чемпионлар лигасида гол урмоқда ва турнирнинг энг яхши тўпурарлари рейтингида Мората (5) билан тенглашиб олди. Бундан ташқари, у тўрт ўйинда «МЮ»нинг икки афсонаси — Бобби Чарлтон ва Жордж Бестнинг натижаларини такрорлади, улар ҳам 21 ёшга чиққунича асосий еврокубокда бештадан гол уришга улгурганди. Аммо барча бу ажойиб статистика билан андармон бўлиб турганида, ўйин ўзгара бошлади. Гап Эванс 16-дақиқадаёқ жароҳат олиб, ўрнини Варанга бўшатиб берганида эмас. Бўлим охирларида ҳимояга ёрдамга келган Рэшфорд ўзи истамаган ҳолда хавфли ҳаракат қилиб, рақибнинг оёғини босиб олди ва майдондан четлатилди.
Шундан кейин дарҳол жарима зарбаси белгиланди ва тўп Бруну Фернандешнинг бошидан дарвоза тўсинига борди. Бу вазиятда «МЮ»нинг омади келди, аммо «Копенҳаген» танаффусгача барибир икки тўп фарқини йўққа чиқарди. Бунда ҳакам томонидан 13 дақиқа (!) қўшиб берилгани ёрдам берди. Бўлим давомида паузалар етарлича бўлганди, қолаверса, Фаластинни қўллаб-қувватлаган мухлис майдонга югуриб чиқиши кузатилди.
Мавзуга оид
Ҳисоб тенглашгач мухлислар иккинчи бўлимда ҳам шиддатли ўйинга гувоҳ бўлишди, бўлим давомида «МЮ» яна ҳисобда олдинга чиқиб олди, Фернандеш пеналтини аниқ ижро этди ва жамоа лайв режимида иккинчи ўринга ҳам кўтарилди, аммо 83-дақиқагача ҳисобда олдинда борган жамоа яна икки гол ўтказиб, якунда тўртинчи ўринга тушиб кетди. Жамоа ҳалокатга яқинлашмоқда, энди Эрик тен Ҳаг шогирдлари «Галатасарой»ни Истанбулда мағлуб этиши талаб этилади.
Шундай ҳиссиёт борки, бу мавсумда Томас Тухелнинг асаб тизими зарба остида турибди. Сабаби — кўп сонли жароҳатлар, бу сафар Мусиала йўқ жойдан муаммога учради. Бундай шикастланишлар одатда хавфли бўлади ва ҳавбек ҳам дарҳол ўзини алмаштиришни сўради. Бундан ташқари, «Бавария» яққол устунлик кўрсатганига қарамай, тўп «Галатасарой» дарвозасига киришни истамасди.
Гоҳ Муслера, гоҳ дарвоза устуни ёки тўсини қутқарарди. Кейн ниҳоят тўпни дарвозага киритганида эса лайнсмен байроқчасини кўтарди. Мюнхенликлар бахтига VAR хатони тўғирлади, Киммиҳ жарима зарбасини ижро этганида Кейн бошқа жамоадошларидан фарқли ўлароқ тўғри ҳолатда тургани маълум бўлди. Кўп ўтмай Ҳарри дублни расмийлаштирди ва «Бавария» муддатидан олдин гуруҳ масаласини ҳал қилишини таъминлади.
Таркибда ротация қилган «Реал» дебютда совуқ душ қабул қилишига бир бахя қолди. Аммо Васкеснинг фолидан кейин белгиланган пеналтини Лунин бартараф этди. Ўйин олдидан жароҳатланган Кепани алмаштирган захира дарвозабони — 11 метрлик зарбаларни қайтариш бўйича мутахассис саналади. Клублар даражасида унга рақиблар 14 уринишдан фақат 7 тасини голга айлантира олган. Асли ҳимоячи бўлмаган Васкес бўлим ўрталарида ўз дарвозаси томон яна бир пеналти келтириши мумкин эди, у жарима майдони ичида тўпни Брумага қарата тепди ва у билан тўқнашди, аммо ҳакам бу эпизодда фол қайд этмади.
Мадридликларда бу ўйинда биринчи скрипкачи ролини Браим Диас бажарди, 4-4-2 схемасида у кичик жароҳати туфайли захирада қолдирилган Беллингҳемнинг позициясини эгаллади. Унинг биринчи голи ҳужум вақтидаги фол туфайли бекор қилинди. Родригонинг ажойиб пасидан кейин урилган иккинчи голига эътироз бўлиши мумкин эмасди ва яримҳимоячи голни ҳакамларнинг VAR қарори бўйича жестини такрорлаган ҳолда нишонлади. Назарий жиҳатдан бу ҳаракати учун Диас огоҳлантирилиши ҳам мумкин эди, аммо рефери бунда ортиқча ҳурматсизлик кўрмади ва у ҳақ эди. Бундай оригинал лаҳзалар футболни фақат безаши мумкин, худди ҳисобдаги фарқни оширган Винисиус Жуниорнинг финти каби.
Кўп ўтмай шу кунларда шартномасини янгилаган Камавинга ўз жамоаси жарима майдони яқинида прессинг қилиб тўпни олиб қўйди. У ва Кроос Винисиус ва Родригонинг жарима майдонига кириб бориши билан якунланган ҳужумни бошлаб беришди, уларнинг иккинчиси тўпни нозик ҳаракат билан дарвозабон устидан ошириб ташлади.
Ҳисоб 3:0 кўринишига келганидан кейин ўйинни тўхтатса ҳам бўларди. «Реал» барчасини назорат қилди, Анчелотти эса ёш аргентиналик Пасга ЕЧЛда дебют қилиш имконини берди. Жамоанинг туркиялик янги футболчиси Гулер эса ҳамон захира ўриндиғида ўз дебютини кутмоқда. «Қаймоқранглилар» вазифани хотиржамлик билан уддалашди: ҳатто Беллингҳемсиз ҳам йирик ҳисобда ғалабага эришишди. «Реал» зарбалар сони бўйича «Брага»дан икки баробар устунликка эришди – 18:9 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 7:4, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 14:4).
Мадридликлар 32-бор гуруҳ босқичидан чиқди (икки гуруҳ босқичи ўтказилган турнирлар қўшиб ҳисобланганда) ва ҳамиша плей-оффга чиққан ягона жамоа бўлиб қолмоқда.
Қаторасига 12 учрашувда ютқазган «Унион» Неаполда бу нохуш серияга барҳам берди. Жамоа Чемпионлар лигасидаги илк ғалабасига эриша олмади, лекин ўйиндаги воқеалардан келиб чиқилса, сафардаги дуранг ҳам немислар учун ёмон натижа бўлмади.
«Наполи» биринчи бўлимда яққол устунлик қилди. Аввалига Натаннинг бош билан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегди. Кейин VAR Замбо-Ангиссанинг голини бекор қилди, видеотакрорда унга тўп узатган Ди Лоренцо рақибнинг елкасига таяниб сакрагани маълум бўлди. Ва фақат бўлим охирларига бориб омад қуши мезбонлар бошига ҳам қўнишга қарор қилди ва қанотдан узатилган тўп Политанога тегиб дарвоза тўрига бориб тушди.
Аммо танаффус арафасида «Унион» жонлана бошлади. Юрановичнинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси устунга тегди. Иккинчи бўлим бошида Кварацхелия ва Зелински иштирокидаги ҳужумни қайтарган берлинликлар кўп ўтмай ҳисобни тенглаштиришди. Жарима майдонидан тўп узоқлаштирилиши «2 га 1» кўринишидаги қарши ҳужумга айланиб кетди ва Мерет Беккернинг зарбасини қайтарган бўлса-да, тўпга биринчи бўлиб Фофана етиб келди. Бу гол «Унион» 26 августдан буён илк бор мағлубиятсиз ўйин ўтказиш имконини берди, «Наполи» эса «Брага»дан узоқлашиб кетиш имконини қўлдан чиқарди.
«Арсенал» ҳужум чизиғида Габриэл Жезус ва Эдди Нкетиасиз қолган, шу туфайли Микел Артета ҳужумда «С» вариантини синаб кўришга мажбур бўлди. Ҳужум учлиги марказига Троссар жойлаштирилди ва у мураббийлар ишончини тўла оқлади. Табиийки, турнирнинг энг яхши ассистенти Сака ёрдамида. Ушбу ҳавбек ва Троссар бир-бири билан телепатик алоқага эга, белгиялик футболчи мавсумдаги беш голининг барчасини англиялик шеригининг узатмасидан кейин урган.
Бу ҳужумда Жоржинионинг ҳам роли беқиёс бўлди. У кўпчилик ўзини унута бошлаганида марказ бўйлаб «Севиля»нинг бутун ҳимоясини ўйиндан узиб қўйган ҳолда пас берди. Сака эса иккинчи бўлимда ўзи ҳам гол ура олишини намойиш этди. Рақибни газонга қулатди ва тўпни узоқ бурчакка йўллаб, андалусияликларни нокаутга учради ҳамда «канонирлар»нинг етакчилигини мустаҳкамлади. Инқироздан чиқиб кета олмаётган испанлар ўйин давомида бир бор зарба йўллади - иккинчи бўлимга қўшиб берилган еттинчи дақиқада Марианонинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган тўпи Райя учун осон ўлжага айланди.
Биринчи бўлим учун рекорд даражада кўп (6) сариқ карточка кўрсатилган бу ўйинда барчасини Люк де Йонг ижросида бош билан урилган гол ҳал қилди. Бу ушбу фахрий футболчининг ПСВ сафида ЕЧЛда урган саккизинчи голи бўлди ва у Руд ван Нистелройнинг рекордини такрорлади.
Аммо финал ҳуштаги чалинганида камерада сардор эмас, балки Лосано кўрсатилди, у жамоани ғалабадан қуруқ қолдириши мумкин эди. Сўнгги дақиқаларда мексикалик ҳужумчи «2 га 1» ҳолатида қулайроқ вазиятда турган Бакайокони кўрмаганга олди, шундан кейинги ҳужумда эса «Ланс» ҳисобни тенглаштиришига бир бахя қолди. Шундай экан, Лосано мухлислар ғазабидан қутулиб қолди, ПСВ французларни қувиб етди, «Севиля» эса Европа Лигасига ҳам йўлланма бермайдиган тўртинчи ўринга тушиб кетди.
Испанлар фантастик формада эканини яна бир бор намойиш этди. 21-дақиқага келиб мезбонлар бешта гол уришди, шундан учтаси ҳисобланди. Мерино ҳисобни очди, Ойярсабал ҳисобдаги фарқни оширди, 15-дақиқада басклар жамоаси мухлислари навбатдаги голни нишонлашди, аммо вазиятга VAR аралашиб, Мерино қўл билан ўйнаганини қайд этди. Испанлар ҳужум қилишда давом этди, Ойярсабалнинг яна бир голи офсайд туфайли бекор қилинди, лекин кўп ўтмай Барренетчеа барибир ҳисобни йирик кўринишга келтирди. 29-дақиқада эса Мендес пеналтидан аниқ фойдалана олмади.
Португаллар иккинчи бўлим бошидаги хотиржамликдан фойдаланиб, битта жавоб голи қайтарди, Рафа Силва «Бенфика»нинг ЕЧЛнинг бу мавсумдаги ягона бўлиб турган голи муаллифи.
«Реал Сосиедад» якунда зарбалар бўйича «Бенфика»дан катта устунликка эришди – 17:11 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 7:4, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 15:6) ва чиройли ғалабага эришди.
Симоне Индзаги решил қатор етакчиларга дам беришга қарор қилди ва бунинг учун афсусланиши ҳам мумкин эди. Аммо иккинчи бўлимда асосий кучлар майдонга ташлангач, «Интер» вазиятни ўнглади. Барелланинг зарбасидан кейин тўп «Залцбург» ҳимоячисининг қўлига тегди ва Лаутаро Мартинес пеналтини аниқ ижро этди. Аргентиналик футболчининг зарбаси Чемпионлар лигасининг ўтган мавсуми финалчиси «Реал Сосиедад» билан биргаликда 10 тадан очко жамғарган ҳолда гуруҳдан чиқишини таъминлади.
ЕЧЛнинг бир мавсумида «МЮ»нинг 2 футболчиси қизил карточка олиши 2005/06 йиллар мавсумидан буён илк бор кузатилди. Ўшанда Руни ва Скоулз четлатилганди. Бу сафар — Каземиро ва Рэшфорд.
«Реал» ҳужумчиси Родриго асосий еврокубокнинг 43 ўйинида 17 гол урган. Унинг Испания чемпионатидаги 120 ўйинда урган голлари сони ҳам шунча.
Кейн ЕЧЛда 25 гол уриш орқали бу борада Руни ва Стерлингдан кейинги 3-англияликка айланди. У рекорд ўрнатиши учун яна бешта гол қолди.
Эрик тен Ҳаг «МЮ» билан ЕЧЛда 2 бор сафар ўйинида мағлубиятга учраб улгурди. «Аякс»даги фаолиятида давомида фақат битта шундай ўйин бўлганди.
«Реал Сосиедад» 19 йиллик танаффусдан кейин илк бор гуруҳдан чиқди.