Жаҳон | 14:52 / 11.11.2023
3795
3 дақиқада ўқилади

Лондонда Россия фойдасига жосуслик қилган Болгария фуқаролари суд қилинади

Россия фойдасига жосусликда айбланаётган Болгария фуқаролари 2024 йил октябр ойида Британия суди олдида жавоб беради. Бу иш расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш иши билан бирга кўриб чиқилади. 

Фото: Getty images

Лондондаги Марказий жиноий суд 2024 йил октябрида беш нафар Болгария фуқаросининг Россия фойдасига жосуслик қилгани ҳақидаги ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақда Reuters ва AFP 10 ноябр, жума куни судья қарорига таяниб ёзган. 

Ишда айбланувчилар - 45 ёшли Орлин Русев, 42 ёшли Бизер Жамбазов, 32 ёшли Катрин Иванова, 32 ёшли Иван Стоянов ва 29 ёшли Ваня Габерова. Жиноят ишлари бўйича Қироллик прокуратура хизмати хабар қилганидек, улар «давлат хавфсизлиги ва манфаатларига зарар етказиш мақсадида душманга бевосита ёки билвосита фойдали бўлиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш мақсадида фитна уюштириш»да айбланмоқда. Айбланувчилар, терговчилар сўзларига кўра, ушбу маълумотларни 2020 йил 30 августдан 2023 йил 8 февралгача тўплаган. 

Русев, Жамбазов ва Иванова Россия махсус хизматлари учун ишлашдан ташқари, шахсни тасдиқловчи сохта ҳужжатларга эгаликда ҳам айбланмоқда. Ишга алоқадор барча шахслар Британия разведка хизматлари томонидан 2023 йил февралида қўлга олинган. 

Судя Жереми Бейкер жосуслик ишини давлат ҳужжатларини қалбакилаштириш айблови билан бир вақтда кўриб чиқиш ҳақида қарор чиқарди. Суд жараёни тахминан тўрт ой давом этиши кутилмоқда. 

Британия ОАВ айбланувчилар ҳақида 

BBC медиа-компанияси маълумотларига кўра, Орлин Русев 2009 йилдан бери Буюк Британияда яшайди, у уч йил давомида молиявий хизматлар соҳасида техник мутахассис бўлиб ишлаган, кейин эса электрон хабарлар ва сигналларни ушлаш билан боғлиқ компанияга эгалик қилган. Бундан ташқари, Русев Болгария Энергетика вазирлигида маслаҳатчи бўлиб ишлаганини билдирган. 

Бизер Жамбазов ва Катрин Иванова ўзаро муносабатларда бўлиб, қарийб ўн йил давомида Буюк Британияда яшаб келган, деб ёзади BBC. Жамбазов шифохоналарда ҳайдовчи, Иванова эса хусусий тиббиёт компаниясида лаборант бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, жуфтлик Буюк Британиядаги болгарларга ёрдам берадиган жамоат ташкилотини бошқарган. 

Ваня Габерова, Daily Mail нашрига кўра, Лондон ғарбида 2019 йилда очилган Pretty Woman гўзаллик салонига эгалик қилади. Бу ишда иштирок этган бошқа шахс - Иван Стояновнинг таржимаи ҳоли оммавий ахборот воситаларида келтирилмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид