Унинг сўзларига кўра, Фаластин қуролланган гуруҳлари томонидан 7 октябр куни содир этилган хунрезликлар ва тинч аҳоли вакилларини гаровда ушлаб туришда давом этиш ҳарбий жиноят саналади.

«Исроил томонидан Фаластин фуқаролари коллектив жазоланиши ҳам, тинч аҳолини мажбурий эвакуация қилиш ҳам ҳарбий жиноят саналади», — дея ўзининг Исроилга бўлган позициясини шарҳлаган Турк.

ҲАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил бомбалашлари натижасида ўтган бир ой ичида 10 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.

Бу рақамлар ишончлилигини мустақил текшириб кўриш айни пайтда имконсиз.

Хўш, халқаро ташкилотлар, трибуналлар томонидан қораладиган ва жазога тортиладиган халқаро жиноятлар нима? BBC бу борада экспертларни саволга тутди.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ нима?

БМТдагилар ҳар қандай можарода тинч аҳолини ҳимоя қилиш устувор бўлиши, жанг қилаётган ҳеч бир томон бу принципни бузмаслиги кераклигини эслатади.

Мана шу халқаро гуманитар ҳуқуқ дегани — халқаро ҳуқуқий меъёрлар ҳамда урушни олиб бориш усуллари ва воситаларининг халқаро экспертлар томонидан ишлаб чиқилган мажмуи.

«Ушбу қоидалар томонлардан бири томонидан қўпол равишда бузилиши иккинчи томонннинг шундай ҳаракатларини асло оқламайди», — дейди Тара Ван Ҳо, Буюк Британия инсон ҳуқуқлари бўйича маркази Эссекс юридик мактаби доценти.

Худди шунингдек, Исроил ва ҲАМАС кучлари орасида номутаносиблик томонлардан бирининг мажбуриятини ўзгартирмайди, дея давом этган Ҳо.

Урушни олиб бориш қоидалари можарога жалб этилган барча давлатлар ва томонлар учун бир хил. Фото: Getty Images

Женева конвенциялари нима дейди?

1939-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши даврида Европа бўйлаб олти миллион яҳудий ўлдирилиши, бошқа миллат ва ижтимоий гуруҳларга нисбатан геноцид, шунингдек, ҳарбий асирларнинг ҳуқуқлари урушга жалб этилган барча томонлар тарафидан поймол этилиши урушдан кейинги дунёни аввалги уруш қоидаларини қайта кўриб чиқишга мажбурлайди.