Исроилнинг Ғазога қонли ҳужумлари фонида, Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити бўлиб ўтди. Хўш, бу тадбирнинг амалий аҳамияти борми? Араб ва мусулмон дунёсини жиддийроқ қадамлардан нималар тўсиб турибди?
“Геосиёсат” рукнида бу мавзуда сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримов сўз юритди.
— Араб давлатлари лигаси бош котиби Ғазо аҳолисини мажбурий кўчирилишига йўл қўймаймиз, деди. Хўш, қандай қилиб?
Фарҳод Каримов: — Умуман, фақат араблар эмас, бошқа халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ ҳам фақат баёнотлар билан чекланяпти. Вазият жуда чигал ҳолатда. 11 ноябр кунида бўлган саммитда ҳам фақат давлатларнинг позициялари эшитилди, якуний қанақадир ҳужжат қабул қилинмади. Мақсад ҳам яна бир бор позицияларни эълон қилиб, кейинги ҳаракатлар қандай бўлиши ҳақида фикр алмашиш бўлган. Бу учрашувдан катта нарсани кутиб бўлмасди бошидан. Ҳужжатлар ҳам фақат декларатив бўляпти, процессуал ҳужжатлар бўлмаяпти.

Араб давлатлари ҳам, умумий мусулмон дунёси давлатлари ҳам Ғазодаги ҳаракатларни қоралаяпти, лекин амалда ҳаракат бўлаётгани йўқ. Бунинг ҳам бир қанча сабаблари бор.
Аҳоли кўчирилишига йўл қўймаслик масаласи. Форс кўрфази араб давлатларининг Ғарб билан алоқаси кучли. Бу давлатларнинг шу даражага келишида ҳам ғарблик инвесторлар ва мутахассисларнинг ўрни катта бўлган. Бу ҳолатда ҳам тўғридан тўғри Исроилга эмас, Ғарб давлатларига таъсир қилиш орқали амалга ошириш кўзда тутилди. Қанақадир ҳарбий, иқтисодий воситалар назарда тутилгани йўқ.
Камолиддин Раббимов: — Саудия Арабистони икки катта ташкилотнинг саммитини бирлаштирди, яъни Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг. Бу саммитда Ўзбекистондан бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.

Кун тартибига кўра, позициялар, таклифлар кўриб чиқилди. Ёпиқ эшиклар ортида қандай қилиб АҚШ ва Исроилга жавоб бериш, умумий позиция қандай бўлиши масаласи қўйилди. Саммитда позициялар иккига бўлинди. Туркия, Эрон каби давлатлар фаолроқ муносабат билдириш, амалий равишда ҳарбий ёки бошқа ҳаракатлар билан жавоб қайтаришни таклиф этди. Эҳтиёткор мамлакатлар эса АҚШ билан тўқнашув хавфи туфайли кескин ҳаракатлардан тийилиш позициясида бўлишди. Чунки Исроил билан тўқнашиш АҚШ билан тўқнашиш дегани.














