Reuters: Эрон учта атом бомбасини яратишга қодир
Эронда 60 фоизгача бойитилган уран захиралари 128 килограммдан ошди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги АЭХА ҳисоботига таяниб. Кейинчалик бойитиш давом эттирилган тақдирда бу миқдор учта атом бомбасини тайёрлаш учун етарли бўлади.
Эронда аллақачон 60 фоизгача бойитилган 128,3 кг уран бор. Бу ҳақда 15 ноябр, чоршанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) махфий ҳисоботига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 90 фоизгача бойитилган ушбу модданинг 42 кгга яқини атом бомбасини яратиш учун «назарий жиҳатдан» етарли. Шу тариқа, Эроннинг уран захиралари кейинги бойитиш ишлари давом этган тақдирда билан учта атом бомбасини яратиш учун етарли.
«Бу жуда катта миқдор, айниқса, агар у ҳеч нарса учун ишлатилмаса», деди Reuters хабарига изоҳ берган юқори мартабали америкалик дипломат. Унинг қўшимча қилишича, Эрон дунёда уранни атом қуроли ишлаб чиқармасдан шундай юқори даражада бойитган ягона давлатдир.
Шу билан бирга, АЭХА маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда Эронда ҳар ой ўртача 3 кгга яқин уран 60 фоизгача бойитиляпти. Ташкилот маълумотларига кўра, жорий йил бошида бу кўрсаткич 9 килограммга етган. Дипломатик манбалар жараён секинлашишини Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги билвосита музокаралар билан боғлайди, уларнинг бири сентябр ойида маҳбуслар алмашинуви билан якунланганди.
Эрон АЭХА талабларини бажармаяпти
2015 йилда Эрон «олтилик гуруҳи» (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Германия ва Франция) билан Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини (ҚҚҲР) имзолади. Режа Эроннинг ядровий дастурини чеклаш эвазига унга нисбатан иқтисодий санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлашни назарда тутган. Бироқ 2018 йилда АҚШ Трамп бошчилигида келишувдан чиқишини эълон қилди. Бунга жавобан Теҳрон келишувнинг ўзига тегишли қисмини бажаришдан бош торта бошлади.
Бир йил аввал АЭХА кенгаши Эрондан Теҳрон томонидан эълон қилинмаган учта жойда топилган уран излари бўйича текширув ўтказишни талаб қилган эди. Кейинчалик АЭХА бир объектни рўйхатдан олиб ташлади, бироқ тергов бўйича ҳеч қандай ўзгариш юз бермади. Мониторинг ускуналарини, жумладан, ўтган йили Эрон томони олиб ташлаган кузатув камераларини қайта ўрнатиш бўйича келишув жорий йилда қисман амалга оширилди. Сентябр ойида эса Теҳрон АЭХА айрим инспекторларининг аккредитациясини қайтариб олди.
Буларнинг барчасига қарамай, келгуси ҳафта АЭХА кенгаши йиғилишида Эрон жиддий оқибатларга дуч келиши даргумон, деб ёзади Reuters. АҚШ ва Европа, дея таъкидлайди агентлик, Исроилнинг ҲАМАС ҳаракати билан давом этаётган уруши фонида Эрон билан дипломатик кескинлашувдан қочишга ҳаракат қилмоқда – Теҳрон ёки унга алоқадор ташкилотлар можарога аралашиши мумкинлиги бўйича хавотир бор.
Мавзуга оид
10:05
ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади
20:37 / 15.11.2024
Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди — ОАВ
00:51 / 15.11.2024
Пизишкиён: Эрон ядро қуролини яратмайди
14:15 / 06.11.2024