Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилда ядро қуроли борлигини текширишга чақирди. Хўш, бу чақирув нимани англатади, Исроилнинг ядро қуроли борлиги тасдиқланиши минтақадаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилади?
Kun.uz Ғазодаги уруш ҳақидаги таҳлилий суҳбатларидан навбатдагисида ҲАМАС ҳаракати ва араб дунёси ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, Исроилнинг ядро дастури ҳақида сўз юритилди. Суҳбатдошларимиз – Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар Фарҳод Каримов ва Шавкат Икромов.
— ҲАМАСга нисбатан араб давлатларида қандай муносабат шаклланган, муносабатнинг тарихий илдизлари ва сабаблари нима?
Фарҳод Каримов: Араб дунёсида ҲАМАСга нисбатан муносабат шаклланишида асосий омил қўллаш ёки қўлламаслик масаласи бўлган. Фаластиннинг ўзи иккига – ФАТҲ ва ҲАМАСга бўлинган. Минтақа давлатларининг кўпи ФАТҲни қўллагани учун ҲАМАС ўзига ташқаридан ҳомий излаган, шунинг учун “Ҳизбуллоҳ”, Эрон билан ҳамкорлик қилган. Араб давлатлари кейинчалик ҳам ҲАМАСни қўллашни истамаган. Бу нарса икки ташкилот характери билан ҳам боғлиқ. ФАТҲ босиқлик билан иш юритишни танлайди, ҲАМАС эса куч ишлатишни.
ҲАМАСнинг ўзи ҳам араб давлатлари билан муносабатларни унчалик тан олмаган, уларнинг Ғарб ва Исроилга яқинлигини кечиролмаган, десак ҳам бўлади. ФАТҲ эса доимий равишда минтақа давлатлари ва бошқалар билан мулоқотда бўлиб, муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга уринган.

Шавкат Икромов: ҲАМАС ҳаракати фаоллашувига қадар Фаластинда Мусулмон биродарлар ва Ад-Жиҳод ҳаракатлари бор эди. Уларнинг мақсади ислом халифалиги ташкил қилиш эди ва шу орқали Исроилга қарши курашмоқчи эди. Исроил 1987 йилга қадар бундай гуруҳлар билан дипломатик келишувлар қилишга ҳаракат қилган. Бу дипломатиядан мақсад – Фаластин озодлик ташкилотининг Исроилга қарши режаларига қайсидир маънода жавоб бериш эди. Аммо бу икки гуруҳ ҳам минтақада ўз позициясини ушлаб туролмади.
ҲАМАСнинг 36 боблик дастури бор. Жиҳод шиори ҳам бор унда. Улар Исроилни тан олмаган ҳолда, унинг ҳудудларини қўшиб олиб, исломий давлат тузишларини айтади. Араб давлатлари билан муносабат ҳам мана шу позициядан келиб чиқади. ҲАМАСга, яъни Ғазога яқин жойлашган араб давлатлари ҲАМАС билан мулоқотда эҳтиёткор бўлади ва уни қўлламасликка ҳаракат қилади. ҲАМАСдан узоқдаги араб давлатлари, яъни Саудия, Қатар каби давлатлар уни қўллайди. Қатар очиқча қўллайди, Саудия эса ҳар хил дипломатик каналлар орқали қўллайди.
















