Ўзбекистон | 07:46 / 22.11.2023
6562
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги археологик ёдгорликка 14 млрд сўмлик зарар етказилди

“Қанқа шаҳристони” археология ёдгорлиги ҳудуди ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олингани, уй-жойлар қурилгани, боғ ва экин экиш майдонлари ташкил этилгани аниқланди.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва Кадастр агентлиги мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, бунинг оқибатида археология ёдгорлигига жиддий зарар етказилганини маълум қилди.

Ёдгорликнинг кадастр ҳужжатига кўра, унинг умумий ер майдони 104,99 гектарни ташкил этади. Ҳозирда унинг 0,50 гектарига фуқаро А.Б., 0,79 гектарига фуқаро Т.Б. қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори) экиб, ўзбошимчалик билан ушбу ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келмоқда.

Соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига зид равишда Оққўрғон туман ҳокимининг 2016 йил 8 июндаги қарори билан фуқаро А.П.га турар жой бино-иншоотлари ва улар билан банд бўлган ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ёдгорлик ҳудудидан 0,56 гектар ер майдони ажратилган.

Ушбу майдоннинг 140,4 квадрат метр қисмига 3 та яшаш уйи, 2 та кириш хонаси, қурилиши тугалланмаган бино ва бостирма қурилган ҳамда бир қисмига боғ ташкил қилинган.

Ўрганиш жараёнида вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан А.Б, Т.Б. ва А.П.га моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказган моддий зарар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектига А.П. томонидан 10 миллиард 367 миллион 448,3 минг сўм, А.Б. томонидан 2 миллиард 423 миллион 520 минг сўм, Т.Б. томонидан 1 миллиард 093 млн 950 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Агентлик тақдим этган ўрганиш ҳужжатларига кўра, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддаси (моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Қанқа шаҳристони” моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган. Объект даври милоддан аввалги III аср — милоднинг XII асрига тааллуқли бўлиб, у давлат мулки сифатида Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.

Мавзуга оид