Жаҳон | 13:37 / 23.11.2023
3838
4 дақиқада ўқилади

«Рамштайн» формати: Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун коалиция тузилди

Киевдаги донорлар конференциясини очар экан, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш режаларини маълум қилди. Бу ташаббусда етакчилик Германия ва Францияга тегишли, деди Остин.

Фото: Evgeniy Maloletka/AP Photo/picture alliance

АҚШ шафелигида ташкил этилган Украина мудофааси бўйича («Рамштайн» формати) алоқа гуруҳининг навбатдаги, 17-конференцияси иштирокчилари янги коалиция тузишга қарор қилди, унинг мақсади Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришдир. 22 ноябр, чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишни очар экан, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин аввалроқ Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамда Украинанинг ахборот-технологик имкониятларини мустаҳкамлашга қаратилган коалициялар ташкил этилганини, энди эса Киевни ерга асосланган ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлаш ҳақида гап кетаётганини эслатди.

«Ушбу муҳим ташаббусни ташкил этишда Германия ва Франция етакчилигини олқишлайман. Ўтган ҳафта улар ўзларининг илк виртуал коалиция муҳокамасини ўтказди. Ва биз бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун барча алоқа гуруҳи ресурсларини жалб қилмоқдамиз», деди Остин 50 мамлакат вакиллари иштирок этган йиғилишда. Пентагон раҳбари Украина иттифоқчиларини мамлакат аҳолисини ҳимоя қилиш учун келаси қиш мавсуми олдидан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди. 

Остин: Россиянинг Украина инфратузилмасига ҳужуми азобларни англатади 

АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбари ноябр ойи ўрталарида Киевга қилган ташрифини ҳам эслади. Ллойд Остиннинг айтишича, бир неча кун аввал рус кучлари «Украина электр тармоғини ишдан чиқариш мақсадида Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига янги ракета ҳужумларини уюштирди». «Россиянинг Украина инфратузилмасига ҳужумлари сон-саноқсиз бегуноҳ Украина фуқаролари учун азоб-уқубатни англатиши мумкин. Лекин мен украиналиклар ўз уйлари, оилалари ва келажаги учун курашаётганда Украина халқи сабр-тоқатли бўлишига ҳар доимгидан ҳам ишончим комил», - дея таъкидлади у. 

Остин, шунингдек, Украинанинг иттифоқчилари зарур бўлганда уни қўллаб-қувватлашига ишонтирди. «Биз Украинани қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқдамиз, чунки у бу қишда курашни давом эттирмоқда ва муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилмоқда», деб тушунтирди у. Америка мудофаа вазирининг эслатишича, украиналиклар 20 ой давомида Россияга қарши туриш қобилиятини намойиш этмоқда. У АҚШ президенти Жо Байденнинг сўзларини эслади: айбдорлар тажовуз учун катта нарх тўламаса, улар тинчликка таҳдид солишда давом этади. 

Украинага ёрдам масаласи

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётини тилга олган Ллойд Остин, Украина ҳам, Исроил ҳам уларни йўқ қилмоқчи бўлган душманларга дуч келаётганини таъкидлади. «Биз Эрон ҲАМАС ва Россияни қуроллантириш орқали Ғазода ҳам, Украинада ҳам можарони кучайтираётганини кўряпмиз. Эроннинг Кремл ва ҲАМАСни қўллаб-қувватлаши Украинага, Яқин Шарқдаги барқарорлик ва қоидаларга асосланган халқаро тартибга зарар етказмоқда», - деди америкалик вазир. У «АҚШ Украинани кучли қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тўлиқ қодир»лигига ишонч билдирди. 

«Биз ички зўравонлик ва хориждаги мажбурловга таянадиган автократларга глобал хавфсизлик шаклини белгилашига йўл қўймаймиз. Биз бирлашамиз, чунки эркин, очиқ, фаровон ва хавфсиз дунё ҳақидаги тасаввурни баҳам кўряпмиз. Ва мен бу билан фахрланаман. Гуруҳ Украинага ёрдам бериш учун 80 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди», — деди Ллойд Остин. 

Украина иттифоқчиларининг «Рамштайн» форматидаги жорий учрашувида асосий эътибор Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришдан ташқари фронтда Украина қўшинларига ёрдам беришга ҳам қаратилди. 

Мавзуга оид