FT'да эълон қилинган мақолада ёзилишича, КХДР раҳбари коронавирус пандемиясидан мамлакат чегараларида назоратни кучайтириш учун фойдаланган. Хорижий ОАВга маълумот бериш учун ўлим жазоси жорий қилиш эвазига эса энди ўзини ҳукуматга келганининг илк йилларига қараганда анча хавфсиз ҳис қилмоқда.
Отаси ва бобосининг сиёсатидан чекиниб
Шимолий Корея етакчилари доим ўз қўлларидаги ричаклардан халқаро ҳамжамият уларга ён босиши йўлида фойдаланиб келган. Масалан, аввалига Корея яриморолида сунъий инқироз юзага келтириб, кейин эскалация кучаймаслиги эвазига санкцияларни юмшатишни сўрашади. Афтидан, ҳозирги раҳбар Ким Чен Ин бундай сиёсатдан воз кечган ва АҚШ билан муроса қилиш ҳақида ўйламаяпти ҳам.
38 North дастури директори Женни Тауннинг айтишича, янги совуқ уруш ҳақидаги гаплар фонида ўз томонини аниқлаб олди ва бунинг мукофотини ҳам олмоқда: Россия ва Хитой билан қалин алоқалар эвазига КХДР ядро дастурини ривожлантириб бормоқда.
КХДР Россияга қурол ва иш кучи юбориб, эвазига технология олмоқда
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин ўқ-дори билан боғлиқ муаммога дуч кела бошлади. Шимолий Корея эса русларга бу борада ёрдам берган кам сонли давлатлардан бўлди. АҚШда октябр ойида минглаб қурол-яроқ ортилган контейнерлар Шимолий Кореядан Россияга олиб кетилаётгани акс этган коинотдан олинган суратлар эълон қилинди. Вашингтоннинг тахминича, КХДР бунинг эвазига Россиядан қирувчи самолётлар, «ер – осмон» классидаги ракеталар, баллистик ракета ясаш учун ускуналар ва юқори технологиялар олади. Жанубий Корея ҳукумати маълумотига кўра, Шимолий Корея яқинда илк парвози амалга оширилган разведка сунъий йўлдоши борасида ҳам Россиядан техник кўмак олган.
Россия билан алоқаларни яхшилаётганидан ташқари Ким Чен Ин Хитойнинг паноҳида қолишни ҳам давом эттирмоқда. Масалан, Хитой охирги бир неча ой ичида КХДРга мамлакатда бўлиб турган юзлаб шимоллик қочоқларни қайтарди. Ваҳоланки, бунга БМТ, АҚШ ва кўплаб халқаро ташкилотлар қаршилик қилганди. Ким Чен Ин бу қочоқларни қайтарганини ўз ғалабаси деб қабул қилган.
«Хитой Шимолий Кореяни доим буфер зона сифатида қадрлаган. Гарчи уларнинг ядро дастури ва провокацион ҳаракатлари чинликларга ёқмаса ҳам. Хитой АҚШ билан бир неча ўн йиллар давомида конфликт ҳолатида бўлишини англагач, Пхенянни қўллашда давом этиб, эвазига кўп нарса сўрамайди ҳам», дейди кореяшунос Андрей Ланков.
Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудида ишчи кучи етишмовчилиги кузатила бошлагач, Шимолий Корея у ерга кўплаб ишчиларни юборди. Хитой билан мамлакатнинг савдо айланмаси охирги 4 йил ичида энг юқори даражага етди. Пекин КХДРга санкция бўйича тақиқланган маҳсулотларни очиқчасига экспорт қилган. Бундан ташқари, БМТ тақиқига қарамай, Шимолий Кореядан кўмир ва пўлат сотиб олган.

















