Душанба куни араб давлатлари дипломатлари Пекинда, БРИКС аъзолари эса виртуал тарзда Исроилнинг Ғазога босқини масаласини муҳокама қилди. Хўш, Хитой ва БРИКС аъзолари бу можарога қандай таъсир қила олади?
Мавзуни таҳлил қилиш учун студиямизга сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов ва Ҳикматилла Казакбаевни таклиф этдик.
— Душанба куни мусулмон давлатлар дипломатлари Пекинга ташриф буюриб, Хитой ташқи ишлар вазири билан Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди. Хўш, Хитой Ғазога реал таъсир қила оладими?

Фарҳод Толипов: Хитой дипломатик томондан қандайдир ишлар қилиши мумкин, лекин можарога фундаментал ечим беришга ожизлик қилади. Хитой охирги йилларда ўз фаоллигини турли йўллар билан баён этиб келяпти. Хитой билан ҳамма ҳисоблашиши керак, деган гапни ҳам очиқ айтяпти. Хитойнинг халқаро муносабатларда ўрни ортаётганини тан оламиз, лекин ҳар бир можаро, вазиятнинг ўз келиб чиқиши, динамикаси бор ва таъсир воситалари бўлади. Шу нуқтайи назардан Хитойдан кўра бошқа қудратли давлатларнинг тутадиган йўли муҳимроқ, хусусан, АҚШнинг. Бу можароларда АҚШнинг ўрни жуда муҳим. Хитой ҳам бошқа бир дипломатик йўллар орқали ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
— Хитой муаммонинг чўзилиб, коллектив ғарбнинг узоқроқ обрўсизланиши ва “Бир камар, бир йўл” лойиҳасига рақобатчи лойиҳа – Ҳиндистон орқали Европага ўтувчи йўлнинг кечикишидан манфаатдорми?

Ҳикматилла Казакбаев: Хитой ҳеч қачон Яқин Шарқда биринчи рақамли таъсир кўрсатувчи давлат бўлмаган. Тарихан ҳам асосан АҚШ, СССР ва Россиянинг таъсири бўлган. Араб лигаси давлатлари вакиллари Хитойга боришидан мақсад, менимча, Хитойдан ёрдам кутиш эмас, балки ўзларида мавжуд воситалардан фойдаланиш назарда тутилган, масалан, Эрон. Жорий йил баҳорида Саудия ва Эрон муносабатлари Хитой воситачилигида яхшиланди. Араб давлатлари мана шу воситачиликдан умид қилган бўлиши мумкин.
Биламизки, Эрон томонидан қўлланадиган гуруҳлар бор. Араб давлатлари мана шу воситалардан фойдаланишни назарда тутишгандир. Бу вазиятда барибир асосий ўйинчи – АҚШ. Охирги вақтларда икки халқ учун икки давлат ғояси анча кенгроқ илгари суриляпти, Байден ҳам шу ҳақида гапирди.















