Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«2048 йилга бориб Ўзбекистон меҳнат бозори 27,6 млн кишига етади» — Танзила Норбоева
Сенат раиси демографик ўзгаришларга бағишланган конференцияда Ўзбекистонда аҳоли сонининг ошиб бораётгани ҳукумат олдига прогнозлар, чуқур таҳлиллар билан иш олиб бориш вазифасини қўяётганини таъкидлади.
Тошкентда 28–29 ноябр кунлари Олий Мажлиси Сенати, Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси томонидан «Демографик ўзгаришлар шароитида жамиятни барқарор ривожлантириш» мавзусида халқаро тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг 2050 йилгача демографик прогнозлари таҳлил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Норбоева 2048 йилга бориб Ўзбекистонда меҳнат бозори 27,6 млн кишига етишини маълум қилди:
«Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида аҳоли сони бўйича қирқинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринда туради. БМТ томонидан дунё аҳолишунослиги истиқболлари мавзусида ўтказган тадқиқотда 2048 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисмини меҳнатга лаёқатлилар ташкил этиши қайд этилган. Яъни ўша вақтда меҳнат бозори 27,6 миллион кишини ташкил этади.
Бу тобора сони ўсиб бораётган аҳоли учун давлат томонидан иқтисодий, ижтимоий ҳимоя кафолатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни жадаллик билан, олдиндан ўйлаб, прогноз қилиб ишлашни вазифа қилиб қўймоқда. Шу сабабли, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида инсон қадри деган тамойил асосида амалга оширилаётган мақсадли чора-тадбирларни янада чуқурлаштириш зарур», — деди Сенат раиси Танзила Норбоева.
БМТ аҳолишунослик жамғармаси вакили ўринбосари Камолхон Иномхўжаев Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ёш, меҳнатга лаёқатли эканлиги сабабли иқтисодий ўсиш имконияти борлигини айтди:
«Бу демографик дивидендларни фактга айлантиришимиз учун соғлиқни сақлаш, иш ўринлари яратиш, таълим соҳасига керакли, етарли ва тўғри йўналтирилган инвестицияларни қилишимиз керак. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, ижтимоий таъминот соҳаларини, барча хизматларни ривожлантиришимиз керак. Лекин қандай қилиб деган савол туғилади.
Аҳоли кўп яшайдиган, кўпроқ кўчиб борадиган ҳудудларда яратишимиз керак. Шу демографик жараёнларни билишимиз керак. Масалан, туғилиш кўпайяпти – демак кўпроқ боғчалар, мактаблар бўлиши керак», — деди у.
2030 йилгача Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича миллий стратегиясида белгиланган мақсадларга мувофиқ, анжуманда демографик ахборотнинг миллий, минтақавий ва тармоқ сиёсатига интеграциялангани, ушбу саъйи-ҳаракатлардаги бўшлиқлар баҳоланиши даражасини муҳокама қилиш ҳамда ўзгарувчан тенденциялар шароитида демографик барқарорликни ошириш стратегияларини аниқлаш учун қарорлар қабул қилувчи шахслар, тадқиқотчилар, фуқаролик жамияти вакиллари ва бошқа манфаатдор томонларнинг ҳаракатларини бирлаштириш назарда тутилган.
Тадбирда асосий эътибор демографик ўзгаришларнинг инфратузилма ривожланиши, соғлиқни сақлаш, фаол узоқ умр кўриш, таълим тизимини режалаштириш, меҳнат бозори, шаҳарсозлик ва экология билан ўзаро алоқасига қаратилди. Шунингдек, анжуманда демографик дивиденд ҳамда инновациялар салоҳияти каби демографик ўзгаришларни очиб берадиган янги имкониятлар кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
14:08 / 04.06.2026
Ўзбекистон ва Сербия парламентлари ҳамкорлик меморандумини имзолади
15:00 / 03.06.2026
Белграддаги глобал конференцияда Ўзбекистоннинг гендер тенглик борасидаги тажрибаси тақдим этилди
17:36 / 23.05.2026
Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ ПА сессиясида қатор ташаббусларни илгари сурди
18:58 / 23.04.2026