Жаҳон | 18:51 / 29.11.2023
8073
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу «Ғазонинг жаллоди» сифатида тарихга киради — Эрдўған 

Туркия президенти Исроил ва унинг раҳбари ҳаракатларини қоралади. 

Фото: Anadolu Agency

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Ғазонинг жаллоди» сифатида тарихга киради. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат парламентидаги нутқида айтиб ўтди. 

«Ғазо секторида ўтган асрнинг энг катта ваҳшийликларидан бирини содир этган Нетаняҳу аллақачон ўз номини тарихга «Ғазо жаллоди» сифатида ёзиб қўйган. 7 октябрдан буён Ғазо аҳолиси инсоният тарихидаги энг жирканч ҳужумларга дучор бўлмоқда», деди Туркия раҳбари. 

Унинг қайд этишича, масжидлар Исроил армияси томонидан нишонга олинган, мактаблар харобага айланган, шифохоналар бузиб ташланган, қочқинлар лагерлари атайлаб нишонга олинган. 

«Қочаётган тинч аҳоли йўлларда бомбардимон қилинди, бегуноҳ болалар ҳалок бўлди, уларнинг ота-оналари жасадларини йиғишга мажбур бўлди», деб қўшимча қилди Эрдўған. 

Унга кўра, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисига қарши геноцид қилинган. Туркия раҳбари Фаластин анклавининг аҳолиси асосий эҳтиёжлардан маҳрум бўлганини ва «360 кв.км. майдонни эгаллаган очиқ қамоқхонага жойлаштирилганини» таъкидлади. 

«Биз Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларни, баъзиларини ҳисобга олмаганда, Ғарб давлатларининг эътиборсизлигини ҳеч қачон унутмаймиз», деди у. 

Эрдўған Туркия Исроил расмийларини халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ўз ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.

У 1967 йилги чегаралар доирасида мустақил, яхлит ва суверен Фаластин давлати яратилиши ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлиши билан Фаластин муаммосига икки давлат асосида ечим топиш зарурлигини таъкидлади. 

Шунингдек, у Туркиянинг Фаластин анклави аҳолисига бундан буён ҳам гуманитар ёрдам кўрсатиш режалари ҳақида гапирди. Хусусан, Ғазо секторига 1500 тонна юк билан иккинчи турк кемаси йўлга чиқишини айтди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид