Ҳа, қиш келиши билан ис гази, дудбуронлар, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўпаяди. Ора-сирада ўлим ҳолатлари ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Одамларни бу борада ҳушёрроқ бўлишга ундаш керак. Лекин бу борада давлат ташкилотларининг ўзи ТВ, радио ва даврий ҳамда онлайн матбуот орқали тарғиботни кучайтириши лозим.

Бундай ходимлар шахсан ўзимга ҳам дуч келишган. Маҳаллани кезиб, «уйингиздаги газ плиталарини ва қўшконтурли қозонхонани ёнғин хавфсизлигига қарши текширишимиз керак», дейишган. Устида ҳарбий камуфляж форма. Қўлтиғига папка қистирган. Ҳужжат сўрасангиз — Ўзбекистон байроғи фонига чиройли қилиб битилган хизмат гувоҳномасини ҳам кўрсатади. Улар йиллик қанақадир тўлов учун 25 минг сўм талаб қилган. Гувоҳномасини телефонимда расмга олмоқчи бўлганимда қўлимдан суғуриб қочгани ёдимда.

Бундай «сохта пожарний»лардан огоҳлантириб, телеграм-ботимга ҳам мурожаат келиб тушган эди.

«Охирги вақтларда аҳоли хонадонларига гўёки ўзларини «пожарний» ходимлари, дея таништириб уй ичидаги газ плита, иситиш тизимларини кўздан кечириб ўзларича маслаҳатлар бериб пул ундириб юрган фирибгарлар кўпайиб бормоқда.

Аслида булар пожарнийга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар «Ёнғинга қарши кураш, ёнғиннинг олдини олиш» ва яна алламбало сўзларидан устомонлик билан фойдаланиб, МЧЖлар ташкил қилиб ўзларига хизмат гувоҳномалари ясаб олишган.

Содда халқимиз эса ҳарбий либосдаги бундай кимсаларнинг хизмат гувоҳномасини сўрамайди, сўраса хам ўша «ёнғин» сўзини кўриши билан «бўлди, ҳақиқатан пожарний ходими экан», деган фикрга боради. Бир неча бор органларга мурожаат қилдим, лекин булар «биз хусусий фирма сифатида хизматимизни таклиф қилдик», дея қутулиб кетишяпти».

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ана шундай, соҳага мутлақо алоқаси бўлмаган, ноқонуний фаолият олиб бораётган, аҳолидан пул йиғаётган «сохта ходим»лардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

«Сўнгги йилларда, асосан куз-қиш мавсуми бошланиши билан мамлакатимиз бўйлаб, айниқса, ҳудудларда махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини «давлат ёнғин назорати органи («пожарний») ходими» сифатида таништириб, фуқаролардан 20 минг–40 минг сўм атрофида «йиллик тўлов» қабилида турли миқдордаги пул маблағларини мажбурий тарзда ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ушбу ҳаракатлар турли шаклда ташкил этилган, асосан номида «ёнғин», «олов», «қарши кураш», «хавфсизлик», «ҳимоя» каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётгани маълум бўлди.