Бошқарма вакили Ондрий Юсов BBC Украина хизматига Марианна Буданова оғир металлаар билан заҳарлангани ва ҳозирда сўнгги даволаниш курсидан ўтаётгани ҳақида маълум қилган.
Юсов шунингдек бошқарманинг бир қанча ходимларида енгил заҳарланиш аломатлари борлигини айтган, аммо уларнинг сонига аниқлик киритмаган.
«Будановнинг рафиқаси баланд бўйли бўлмагани ва вазни енгил экани туфайли унда заҳарланиш тезроқ намоён бўлди. Ва яна бир неча ходимларда заҳарланиш тасдиқланди, аммо улар йирик гавдали ва аввалига ҳеч нарса сезилмаган, аммо энди улар ҳам даволанмоқда», — деган вазиятдан хабардор манба.
Марианна Буданованинг ҳолати разведкачиларникидан оғирроқ экани ва у ҳозирда шифохонада қолаётгани маълум қилинган.
Украинадаги «Бабел» нашри маълумотига кўра, унинг даволаниш курси якунланмоқда. «Қолгани — шифокорлар назоратида», — деган нашрга бошқармадаги манба, у Марианна оғир металлардан заҳарланишда гумонланиб даволанаётганини тасдиқлаган.

Аноним манбалар ОАВга маълум қилишича, заҳар, катта эҳтимол билан Буданованинг овқатига қўшилган.
«Бу моддалардан ҳеч қанақасига кундалик ҳаётда ёки ҳарбий ишларда фойдаланилмайди. Уларнинг мавжудлиги аниқ бир шахсни қасддан заҳарлашга уринишдан далолат бериши мумкин», — дея қайд этган разведка бошқармаси вакили «Бабел»га берган изоҳида.
«РБК-Украина» нашри ҳам Кирилл Будановнинг рафиқаси шифохонага ётқизилгани ва унга оғир металлардан шикастланиш ташхиси қўйилгани ҳақида ёзган. Ушбу нашр қўшимча қилишича, бу «бир марталик заҳарланиш» ёки «маълум вақт мобайнида оз-оздан заҳарлаб бориш» экани номаълум.
Юсов BBC учун интервюсида тафсилотлар ҳафта охиригача маълум қилинишига ваъда берган.
Нишонда Кирилл Буданов бўлганми?
Заҳарловчилар нишони ким бўлгани — ГУР ходимлари, Будановнинг рафиқаси ёки разведка бошлиғининг ўзи — буниси номаълум.

BBC Украина хизматининг мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ҳозирча жиноий иш қўзғатилмагани, аммо расмий текширув яқин вақтлар ичида бошланиши истисно этилмаслигини билдирган.
















