Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Абдулла Қодирий орадан 97 йил ўтиб оқланди

Ўзбекистонда СССР даврида ноҳақ айбланган ватандошларни оқлаш бўйича ҳуқуқий жараёнлар давом этяпти. 1 декабр куни атоқли ёзувчи Абдулла Қодирий ҳукуматни обрўсизлантиришда айбланганидан салкам 100 йил ўтиб, оқланди.

Иш ҳужжатларига кўра, Абдулла Қодирий “Муштум” журналида эълон қилган “Йиғинди гаплар” сарлавҳали мақоласи учун 1926 йилда Ўзбекистон ССР Олий суди томонидан “контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш” моддаси билан айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум этилган. Адибни тийиб туриш ва огоҳлантириб қўйиш учун чиқарилган бу ҳукм бир кун ўтиб ижродан тўхтатилган.

Орадан 97 йил ўтиб, Ўзбекистон Олий суди Абдулла Қодирийнинг набираси томонидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиб, 1926 йилги ҳукмни бекор қилди ва Абдулла Қодирийни тўлиқ оқлади. Суд қарори билан, ёзувчи ўшанда терговда ноҳақ ушлаб турилгани ҳам расман эътироф этилди.

Маълумот учун, гарчи Абдулла Қодирий 1926 йилда ҳукуматни обрўсизлантиришда айбланиб, уни қамаш ҳақидаги ҳукм ижроси тўхтатилган бўлса ҳам, забардаст ёзувчи 1938 йилда қатағон қилиниб, отиб ташланган. Қодирий бу жинояткорона ҳукм бўйича Сталиннинг ўлимидан кейин, 1957 йилда оқланган.

Очиқлик сиёсати йўлида жиддий тўсиқ

“Обрўсизлантириш” сўзи ҳафтанинг бош мавзуларидан бирига ҳам бевосита алоқадор. 28 ноябр куни Қонунчилик палатаси ўта баҳсли моддани ҳам ўз ичига олган қонун лойиҳасини ими-жимида, бирданига учта ўқишда қабул қилиб юборди. Ички ишлар вазирлиги киритган бу моддага асосан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тасвирларини уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

Жавобгарлик даражаси анча юқори: базавий ҳисоблаш миқдорининг нақ 50 баравари, яъни 17 млн сўм маъмурий жарима ёки 15 суткагача қамоқ. 94 нафар депутат модданинг қабул қилинишини ёқлаб овоз берган бўлса, фақат икки киши қарши чиқди. Бу моддага бутунлай қаршилигини очиқ билдирган ягона депутат Дониёр Ғаниев қонун очиқлик сиёсатига зидлигини айтиб, бу эртага айрим орган ходимларининг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.