Ўқиш вақтидаги стажировканинг аҳамияти

Мен бакалаврни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишини битирганман. 2020 йил, ўқишни битиришим биланоқ Марказий банкда пул кредит сиёсати департаментида иш бошлаганман. Албатта, бу жойга келиш ўзидан ўзи бўлмаган. 2019 йилда Марказий банк эълон қилган махсус стипендияни ютганман ва 10 ой ўша ерда стажировка қилганман. Стажировка якунида суҳбат қилиниб, шу орқали ишга кирганман. Банкда 2020-2022 йилларда ишладим. Бу стажировка Америкага грант ютишимда жуда катта рол ўйнаган деб ўйлайман. Чунки магистратурада чуқурлаштирилган билимлар берилади. Марказий банкдаги стажировкам билимларимни мустаҳкамлашга ёрдам берган. Қолаверса, иш жараёнида соҳам бўйича кўп саволлар пайдо бўлишни бошлаган ва уларга жавоб топиш учун магистратура босқичидаги билимларга эҳтиёж туғилаётганини сеза бошладим.

Халқаро грантларга ҳаракат

Шундай қилиб, 2021 йилдан бошлаб магистратура учун ҳужжат тайёрлашга киришдим. Германия, Италия, Венгрия, Франция, Англия, Америка давлатларидаги 20дан ортиқ университетга ҳужжатларимни топширдим. Ва 10дан ортиғига қабул қилинганим ҳақида жавоб хати олдим. Америкага ўқиш истагим кучли бўлгани учун шу ердаги университетларни танлаш ниятим бор эди. Лекин бу университетлар мени танлашига ишончим йўқ эди. Хаёлимда бир нарса бўлган: бу йил барибир ўтолмайман, бу тажриба бўлади ва кейинги йил топшираман. Лекин Tufts университети тўлиқ грант берди. Бу келажак лидерлари стипендияси бўлиб, талабаларга 2 йил давомида магистратура учун ўқишда барча харажатларни қоплаб берадиган дастур. Бундан ташқари, менга Америкага кўчиб келиш учун 1700 доллар миқдорида пул ҳам беришган.

АҚШ университетларидан қандай грант ютиш мумкин?

Очиғи, бу саволга умумий жавоб йўқ. Бу борада айтиш мумкин бўлган ягона умумий гап: АҚШда тўлиқ scholarship олишнинг имкони бор. Лекин ҳар бир университет ва дастур бўйича грант ютиш йўллари ҳар хил. АҚШда давлат ёки бирор ташкилотлар берадиган грантлар ва алоҳида университетлар фақат ўз талабалари учун ажратадиган грантлар мавжуд.

Булар орасида магистратура ва PhD босқичида ўқимоқчи бўлганлар учун давлат томонидан молиялаштириладиган Fulbright дастури жуда машҳур. Дастур томонидан талабанинг ўқиш давомидаги барча (ўқиш, кўчиб келиш ва яшаш) харажатлари қопланади. Дастурга топшириш шартлари ва талаблари бўйича бу ҳавола