Жаҳон | 12:00 / 06.12.2023
6578
4 дақиқада ўқилади

Явлинский Путин билан Украинадаги урушни муҳокама қилгани ҳақида гапирди

Сиёсатчи Чеченистон ва Дубровкада воситачи бўлганини эслатди. Явлинскийнинг фикрича, Украина атрофидаги можарода барча томонлар, жумладан Ғарб ҳам айбдор.

Фото: РИА Новости

«Яблоко» либерал партияси асосчиси Григорий Явлинский октябр ойида Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украина ва Россия ўртасидаги эҳтимолий музокараларда воситачи сифатида ўз номзодини илгари сурган. Явлинский бу ҳақда 5 декабр, сешанба куни чоп этилган РБК агентлигига берган интервюсида гапирди.

Явлинский воситачилик тажрибасига эга эканлигини эслатди. «Мен фақат Россия вакили бўлишим мумкин, бошқа ҳеч кимдан вакил бўла олмайман. Лекин ҳа, мен ўз номзодимни таклиф қилдим. Чеченистонда, кейин Дубровкада воситачи бўлганман. Мен тайёрман. Бу оғриқли нарса, лекин агар керак бўлса сулҳ сари қадам ташлашга тайёрман», деди Явлинский. 

Сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг учун «Россия ва Украина худди ўнг ва чап қўллари кабидир». У ўзи Лвивда туғилганини, укаси ҳали ҳам у ерда яшаётганини эслаб ўтди. 

«Мен далилларимни келтирдим, президент уларга жавоб бермади» 

Явлинскийнинг айтишича, Путин билан учрашувда Украинада ўт очишни тезроқ тўхтатиш ҳақида баҳслашган. «Мен ўз далилларимни келтирдим, лекин президент уларга жавоб бермади. Савол очиқ қолди. Президент жуда жиддий, аниқлик киритувчи саволлар берди. Бу чуқур ва узоқ суҳбат бўлди», - деди сиёсатчи. 

Явлинскийнинг сўзларига кўра, асосийси - ўт очишни тўхтатиш, кейин эса узоқ музокаралар бўлади, улар «тўхтайди, яна бошланади, кўплаб техник муаммолар пайдо бўлади: қўшинларнинг ажратилиши, демаркация чизиғи, буни ким кузатиб бориши, у ерда халқаро кучлар бўлиши». 

Шу билан бирга, Явлинскийнинг таъкидлашича, уч ой олдин «ҳатто сулҳ сўзи ишлатилмаган», аммо ҳозир, унинг сўзларига кўра, «Украинанинг қарши ҳужуми тўхтаб қолди, Яқин Шарқ муаммоси пайдо бўлди, Киевда сиёсий низолар бошланди». «Демак, сулҳ тез орада асосий иборага айланади. Бу ҳали мейнстрим эмас, лекин вақти-вақти билан пайдо бўла бошлади. Бу барибир бўлади. Лекин қарорни кечиктириш ҳар куни одамлар ҳаётига таъсир кўрсатяпти», - дейди Явлинский. 

«Можарода ҳамма айбдор» 

Григорий Явлинскийнинг сўзларига кўра, Украинадаги урушда «ҳамма айбдор». «Ҳозиргача ҳеч ким сулҳ ҳақида жиддий гапиришни истамади, аммо бировнинг орқасида туриб: «Мен сенга ҳар қандай қуролни бераман, сен фақат жанг қил, мен ўзим жанг қилмайман, одамларингни ўша ерда ўлдиришсин», деди — бу сиёсатми?» - дейди Явлинский. 

Явлинскийга кўра, бўлажак музокараларда «2050 йилгача бўлган узоқ истиқболни» кўриш зарур. «Ҳозир дунё шундай тузилганки, НАТО 30-40 йилдан кейин қандай бўлишини ҳеч ким билмайди», деб тушунтирди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид