Украина Олий Радасининг собиқ депутати Иля Кива жонсиз ҳолда топилди. Унинг жасади Москва области Одинцово районидаги Супонево қишлоғи ҳудудида аниқлашган. Маҳаллий манбаларга кўра, Иля Киванинг жасади «Величъ Country Club» меҳмонхонаси яқинидаги паркда қорда қонга беланган ҳолда ётган.

Иля Киванинг жасадини 6 декабр куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида меҳмонхона ходими учратиб қолган, деб ёзади Baza телеграм-канали. Киванинг жасади у яшаб келган меҳмонхонадаги коттеж ёнидан топилган, деб хабар қилган «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали. Манба маълумотига кўра, Кива дарахтзорда ўқотар қуролдан жароҳат олган, шундан кейин қонга беланган ҳолда сўқмоқ бўйлаб меҳмонхонанинг асосий биноси томон юриб келган. Кива билан бирга яшаган аёл терговчиларга берган маълумотга кўра, собиқ депутат жойлашуви кузатилишининг олдини олиш мақсадида ўз канали учун роликларни доим меҳмонхона яқинидаги дарахтзорда ёзиб олган.

Shot ва Baza телеграм-каналлари ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, Кива бош қисмига тўппонча орқали ўқ узилиши оқибатида вафот этган. ТАСС агентлиги собиқ депутат шовқинни пасайтирадиган мослама ўрнатилган қуролдан отилган. Mash телеграм-канали аниқлик киритишича, Кива икки ўқ билан ўлдирилган — унинг кўкрак соҳаси ва бошига ўқ узилган.

Украин нашрлари Кива Украина хавфсизлик хизмати амалиёти оқибатида ўлдирилгани ҳақида ёзган. «Украинская правда», «Суспилне», «Громадске» ва бошқа кўплаб манбалар бу маълумотни аноним манбаларига таяниб тарқатган. Бу хабарларга кўра, Кива ўқотар қуролдан ўлдирилган. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳам «Суспилне»га берган интервюсида Кива ўлдирилганини тасдиқлади: «Ҳа, тасдиқлашим мумкин, Киванинг куни битди. Бундай қисмат Украинанинг бошқа сотқинлари, шунингдек, Россия режими ёрдамчиларининг бошига ҳам тушади». Кива ўлдирилгани ҳақида россиялик пропагандачи Маргарита Симонян ва Раданинг собиқ депутати Олег Царев ҳам хабар берган. Украина президенти офиси бу хабарлар юзасидан изоҳ беришни истамаган.

РФ Тергов қўмитаси Иля Кива «қотиллиги факти бўйича» жиноий иш қўзғатган. «Дастлабки маълумотларга кўра, кечқурун Одинцово шаҳар округи Супонево қишлоғидаги коттеж посёлкаларидан бирининг паркида номаълум шахс номаълум қуролдан жабрланувчига қарата ўқ узган. Олинган жароҳатлардан эркак киши воқеа жойида вафот этган. Ўлдирилганнинг шахси аниқланган — бу Украина Олий Радаси собиқ депутати — Иля Кива», — дейилади Тергов қўмитасининг Москва области бўйича бошқармаси хабарида. 

Кива ҳақида нималар маълум?

Кива Полтавада туғилган, бу ерда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича бошқармада (шу даврда коррупцияда айбланиб қамоққа олинган), кейин милицияда ишлаган, «Полтавшчина» махсус патрул хизмати баталёнини бошқарган.