Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва Бутунжаҳон ислом олами уюшмаси масъул ходимлари ўртасида видео-конференция шаклида учрашув ташкил этилди.
«Дунё» хабарига кўра, онлайн учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов, мамлакат элчихонаси ходимлари, Саудия томонидан Бутунжаҳон ислом олами уюшмаси бош котибининг ёрдам ва ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ийман Фалембан иштирок этди.
Мулоқот чоғида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамда Оролбўйи минтақаси аҳоли пунктларига Саудия Арабистонининг гуманитар ва молиявий-техник ёрдамини жалб этиш, Тошкент ва Наманган шаҳарларида беғараз юрак жарроҳлик операцияларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
- Бутунжаҳон ислом уюшмаси Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва жадал ривожлантиришдан манфаатдор, - деди у. - Жумладан, Ўзбекистонда беғараз юрак, суяк ва кўз жарроҳлик операцияларини амалга оширишга тайёрмиз.
Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов биринчи босқичда Тошкент ва Наманган шаҳарларида 100 дан зиёд муҳтож беморларга юрак жарроҳлик операцияларини ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.
Мулоқот давомида, шунингдек, саудиялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ишчи ташрифини ташкил этиш, юрак жарроҳлиги амалиётларини бажариш муддатлари, беморларнинг ёш тоифасини белгилаш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
















