Ўзбекистон | 14:02 / 11.12.2023
35769
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида Ўзбекистон ҳудудидан совуқ ҳаво массаси чекина бошлайди

14-15 декабрда Ўзбекистон ҳудудидан совуқ ҳаво массаси чекина бошлайди ва совуқ кучсизлашади.

Фото: Kun.uz

Ўтган кечаси Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари бўйича қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида эрталабга келиб, ҳаво ҳарорати -6...-11 даражагача, Устюртда -14 даражагача пасайди.

"Ўзгидромет" хабарига кўра, бугун кундузи совуқ ва нам ҳаво массаси аста-секин республиканинг барча ҳудудларига тарқалади. Барча жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Фарғона водийси ҳудудларида эса ёғингарчилик кечга яқин бошланади.

Эртага қор кўринишидаги ёғингарчилик Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида сақланиб туради. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

11-12 декабр кунлари республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда кучли қор ёғади.

Чоршанбадан жумагача Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

11-13 декабр кунлари совуқ кучаяди ва ҳаво ҳарорати кечалари -8...-13 даражагача, кундуз кунлари -3...-8 даражагача, шимолда кечалари -15...-20 даражагача, кундуз кунлари -7...-12 даражагача пасаяди. Республика жанубида кучли совуқлар кутилмайди, кечалари ҳарорат фақат -2...-7 даражагача пасаяди.

11-13 декабрда йўлларда баъзи жойларда яхмалак юзага келади.

14-15 декабрда Ўзбекистон ҳудудидан совуқ ҳаво массаси чекина бошлайди ва совуқ кучсизлашади. Иш ҳафтасининг охирида ҳаво ҳарорати кечаси -0...-5 даража, кундузи +2...+7 даража, шимолда кечаси -7...-12 даража, кундузи -0...-5 даража атрофида бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Айрим жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтда 11-12 декабр кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади, 13-15 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. 11-12 декабрда шамол тезлиги вақти-вақти билан 12-15 м/с гача кучаяди. 12-15 декабрда йўлларда яхмалак юзага келади.

Ҳарорат 11 декабрда -3...-5 даража, 12 декабрда кечаси ва кундузи -5...-7 даража, 13 декабрда кечаси -11...-13 даража, кундузи -5...-7 даража бўлади. 14-15 декабрда ҳарорат кечаси -2...-5 даражагача, кундузи +2...+5 даражагача аста-секин кўтарилади.

Мавзуга оид