14:31 / 11.12.2023
2596

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо тошларни Ўзбекистонга олиб киришда ҚҚСдан озод этилиши мумкин

Янги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хомашё билан таъминлашга, заргарлик буюмлари таннархи пасайишига ҳамда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Фото: Қонунчилик палатаси

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига “Солиқ кодексининг 483-моддасига маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси киритилди

Ушбу лойиҳа заргарлик соҳасини маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг хом ашёга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси доирасида Солиқ кодексига қўшимча киритиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни назарда тутилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хомашё билан таъминлашга, заргарлик буюмлари таннархининг пасайишига ҳамда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ушбу қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилиши учун тайёрланмоқда.

Top