«Дунё» маълум қилишича, Ўзбекистон бош консуллиги дипломатлари томонидан Амур вилоятида ташкил этилган консуллик сайёр қабули давомида ушбу вилоятнинг Благовешченск шаҳрида вақтинча бўлиб турган 1984 йилда туғилган С.Т. икки нафар вояга етмаган фарзанди билан бирга молиявий қийин аҳволга тушиб қолганлиги сабабли Ўзбекистонга қайтиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ўрганишлар натижасида, у 2018 йил октябр ойидан бери Россиянинг Амур вилоятида вақтинча ишлаётгани маълум бўлди. С.Т.нинг турмуш ўртоғи жорий йил октябр ойида Россия миграция қонунчилигини бузганлиги сабабли ўрнатилган тартибда Ўзбекистонга депортация қилинган.
Ушбу важлар инобатга олиниб, мамлакат бош консуллиги томонидан фуқарога кўмак кўрсатишга қарор қилинди. «Меҳр» лойиҳаси фонди маблағлари ҳисобидан С.Т. ва унинг икки нафар фарзандига Ўзбекистонга қайтиши учун 3 та авиачипта сотиб олиб берилди.















