А гуруҳи

Данияликларнинг муваффақияти

«Манчестер Юнайтед» — «Бавария» 0:1
Гол: Коман (71). 
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Варан (Майну, 80), Магуайр (Эванс, 40), Шоу (Уан-Биссака, 46), Фернандеш, Амрабат, Мактоминей, Антони (Пеллистри, 75), Гарначо (Межбри, 74), Ҳойлунд.
«Бавария» – Нойер, Мазрауи (Лаймер, 46), Упамекано, Ким, Дэвис, Горетцка, Киммих, Коман (Тел, 77), Сане (Геррейру, 90), Мусиала (Мюллер, 67), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Антони (53), Амрабат (61), Горетцка (88).

«МЮ» ва «Бавария» дам олиш кунларини жуда ёмон ўтказганди: «Юнайтед» ўз майдонида «Борнмут»га ютқазди – 0:3, «Бавария» «Айнтрахт»да қақшатқич зарбага учради – 1:5. Шу туфайли икки жамоа учун ҳам ЕЧЛ ўйини мухлислари қаршисида ўзини оқлаш учун имконият эди. Фарқи шуки, «Бавария» аллақачон гуруҳ масаласини ҳал қилган ва ҳатто биринчи ўринни кафолатлаган, «МЮ»га эса иккинчи ўринга кўтарилиш учун мўъжиза талаб этиларди.

Тен Ҳаг сўнгги вақтларда захира ўриндиғига михланиб қолган Варанни бошланғич таркибда тушириб кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Лекин биринчи бўлимда «МЮ»нинг бошқа бир марказий ҳимоячиси диққат марказида бўлди.

17-дақиқада Магуайр ўз жамоаси жарима майдони ичида Мусиалани қўли билан ушлаб қолди ва у йиқилиб пеналти сўради. Норвегиялик бош ҳакам Эспен Эскос кураш рухсат берилган қоидалар доирасида бўлган деб ҳисоблади. VAR ҳам майдондаги арбитрнинг қарорига қарши бўлмади ва ўйин давом этди.

Кейинроқ «МЮ» футболчилари ҳам пеналти сўрашди – тўп Ким Мин Жэнинг қўлига теккани учун. VAR бу ҳолатда ҳам вазият 11 метрлик жарима зарбаси қўйишга тортмайди, деб топди.

Бўлим охирида Магуайр газонга ўтирди ва аввалига шифокорлар ёрдами, кейин эса алмаштиришни сўради, унинг ўрнига Эванс туширилди. Аммо «МЮ» ҳимоясида муаммолар барҳам топмади. Люк Шоу ҳам шикастланди ва танаффусдан майдонга қайтмади. Натижада тен Ҳаг Далотни чап қанотга ўтказиб, ўнгга Ван-Биссакани туширишига тўғри келди.

Ўйиннинг ўзи эса нисбатан тенг ва тартибли кечди, лекин дарвозабонларга иш қолмади деб бўлмайди. «Бавария», кутилганидек, тўпга кўпроқ эгалик қилди ва кўпроқ вазиятлар яратди, аммо «Галатасарой» билан кечган ўйинларга солиштирилганда, бу ўйин анча босиқ кечди. Меҳмонларда тўлиқ куч билан олдинга ташланиш учун мотивация йўқ эди, мезбонлар эса очиқ ўйин намойиш этишга қўрқишди. Ва якунда дарвоза соҳасига тўғри борган атиги бир зарба бўлди (у ҳам жарима майдони ташқарисидан).