Жанубий Кореянинг Кёнги провинциясидаги Hanshin университети ўзбекистонлик 22 талабани мажбуран уйига жўнатгани аниқланганидан сўнг, можаро марказига тушиб қолди. Бу ҳақда Hankyoreh хабар берди.
Университет талабалар Ўзбекистонга қайтиш учун самолётга ўз ихтиёри билан ўтирганини таъкидламоқда, бироқ ўзбекистонликлар нашрга алдов йўли билан мамлакатдан чиқариб юборилганини айтишган. Маҳаллий полиция университетга нисбатан текширув бошлаган.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ҳодиса юзасидан Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокара олиб бормоқда.
Hankyoreh нашрининг таъкидлашича, Hanshin университети қошидаги Корейс тили институтида таълим олаётган Ўзбекистоннинг 23 нафар фуқароси 27 ноябр куни эрталаб автобусга ўтқазилиб, Инчхон халқаро аэропортига етказилган.
Дастлаб талабаларга хорижлик фуқароларнинг регистрация картасини олиш учун иммиграция идорасига борилиши айтилган. Бироқ, автобус Ҳвасонда хусусий қўриқлаш идораси ходимларини миндириб, тўғри халқаро аэропортга жўнаган. У ерда институт ходимлари ва қўриқчилар талабаларни Ўзбекистонга олдиндан буюртма қилинган рейсга ўтқазишган. Соғлиғи туфайли ёрдам сўраган бир нафар талаба рейсдан тушиб қолган. Қолганлари Ўзбекистонга учиб кетган.
Талабалар сўзларига кўра, уларга Ўзбекистонга депортация қилинаётгани ҳақида аэропортга кетаётганда айтишган. Институт ходимлари баъзи ўзбекистонликларнинг ҳужжатларида муаммолар борлиги, агар улар ҳозир иммиграция идорасига борса, қамоққа олинишини тушунтиришган. «Агар кейинчалик Кореяга қайтмоқчи бўлсангиз, ҳозироқ учиб кетишингиз керак», дейишган. Шундан кейин, институт ходимлари қўриқчилар ёрдамида талабаларнинг телефонларини олиб қўйишгани таъкидланмоқда.
Шу куниёқ Hanshin университети ўзбекистонлик талабаларни «иммиграция ҳужжатларини тақдим этмаслик, ётоқхонадан рухсатсиз чиқиб кетиш, таълим олишга ёмон муносабатда бўлиш ва университет қадриятларига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари учун» ўқишдан четлатиш ҳақида буйруқ чиқарган.
Hanshin университетининг Hankyoreh нашрига хабар беришича, ноябр ойида иммиграция хизмати талабаларнинг банк ҳисобрақами кўчирмасини сўраган ва кўпчилик талабалар мамлакатда қолиш шартларига риоя қилмагани аниқланган.
«Агар бу ҳақда талабаларга айтсак, улар қочиб, ноқонуний мигрант бўлиб қолишидан қўрқдик. Таълим муассасаси келажакда чет эллик талабаларни жалб қилишда ноқулай аҳволга тушиб қолади», деб тушунтирган университет.
















