Низомга кўра, давлат мулкини ижарага бериш жараёни ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс (Ташаббус кўрсатувчи ) ташаббуси асосида бошланиши мумкин. 

Бунда ташаббус кўрсатувчи бевосита Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига (ижарага берувчига):

- давлат мулкининг тавсифи ва жойлашган жойини;

- балансда сақловчини (бундай маълумотларга эга бўлган тақдирда) кўрсатган ҳолда таклифини ёзма ёки электрон тақдим этади. 

Таклифлар шу куннинг ўзида кўриб чиқиш учун ижарага берувчига юборилади. Шунга кўра, ижарага берувчи 2 кун муддатда балансда сақловчига давлат мулкини ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўров юборади. 

Ижарага берувчи балансда сақловчининг аризаси келиб тушгандан 2 кун ичида давлат мулкини «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали онлайн-аукцион савдосига чиқаради. 

Ижарага олувчи томонидан ижтимоий соҳа объекти таркибидаги ерда:

- бинолар ва иншоотлар, жумладан, ер ости иншоотларини қуриш (енгил конструкцияли иншоотлар бундан мустасно);

- кўнгилочар объектлар фаолиятини ташкил этиш (маданият объектларининг ер участкалари бундан мустасно) тақиқланади. 

Давлат мулки ижарасининг энг кўп муддати:

- бир ижара шартномаси доирасида 6 йил;

- нодавлат профессионал таълим ташкилотлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хусусий тиббиёт ташкилотлари учун 10 йил этиб белгиланади. 

Давлат мулки объектлари ижарага бериш учун аукционга чиқарилганда, ижарага бериш муддати 3 йил этиб белгиланади. 

Кўчмас мулк 1 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилганда, ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. 

Автомототранспортлар савдо платформаси воситасида онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда, ижара шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. 

Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш ва маълумотлар базасини юритиш ижарага берувчи томонидан online-ijara.uz ахборот тизими орқали амалга оширилади.