«Прямая линия» вақтида Владимир Путин Россиянинг Украинада жанг қилаётган қўшинлар гуруҳи сони ва таркиби билан боғлиқ айрим рақамларни келтирди. BBC ушбу рақамлар асосида Россия армиясининг ҳолати ҳақида қандай хулосалар чиқариш мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилди.

Россия президентининг сўзларига кўра, Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт» ҳудудида 617 минг нафар россиялик ҳарбий жойлашган. «Тўқнашув чизиғи узунлиги — икки минг километрдан узунроқ, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида 617 минг киши бўлиб турибди», — дея хабар берган у.

Шундан 244 минг нафари — 2022 йил сентябрида бошланган сафарбарликнинг биринчи тўлқини вақтида хизматга чақирилганлардир.

«Қаранг, бизда қисман сафарлик бўлди ва биз ўшанда 300 минг кишини чақирдик […] Ҳозир, менимча, 244 минг киши тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турибди», — деган Путин.

Унинг сўзларига кўра, яна 41 минг киши «маълум ёшга етгани, саломатлиги ва бошқа сабаблар туфайли» хизматдан бўшаб кетган.

2023 йил бошидан, сафарбарликнинг биринчи тўлқини якунланганидан буён Россия ҳукумати шартнома асосида армияда хизматга жалб қилиш кампаниясини фаоллаштирди. Путиннинг сўзларига кўра, бу орқали айни вақтга келиб 486 минг киши билан шартнома тузилган, йил охиригача бу рақам қарийб ярим миллионга етади.

Путин Россияда сафарбарликнинг навбатдаги тўлқини бўлмаслигига ишонтирган. Камида ҳозирча. «Бизга сафарбарликнинг нима кераги бор? Бугунги кунда бунга зарурат йўқ», — деган у.

Бу рақамлар нимани англатади?

Ўтган йилнинг ноябр ойи бошида Путин биринчи тўлқинда сафарбар этилган россияликлар сонини очиқлаганди. «300 минг киши сафарбар қилинган… Бизда эса — 318 минг. Нега 318? Чунки кўнгиллилар ҳам бор», — деганди у.

Агар бундан хизматдан бўшатилган 41 минг киши, шунингдек Путин 14 декабр кунги жонли мулоқот вақтида айтганидек айни вақтда ҳозирда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турган 244 минг киши чиқариб ташланса, 33 минг киши қолади.

Россия президенти буларнинг тақдири бўйича ҳеч нарса демаган. Лекин бу йўқотишлар сони айнан шунча дегани ҳам эмас — Путин «ҳарбий ҳаракатлар зонаси» деган иборани ишлатган, бу сафарбар қилинган 33 минг кишидан айримлари айни вақтда шунчаки Россия ҳудудида бўлиши ҳам мумкин.