Жаҳон | 11:25 / 15.12.2023
6633
2 дақиқада ўқилади

Руминия ўз ҳудудида дрон қулагани туфайли Россия элчисини чақиртирди

Россиянинг учувчисиз учоғи Руминия ҳудудида Украина билан чегарага яқин жойда қулаб тушди. НАТО Россия дронини йўқ қилишга буйруқ бермаган.

Фото: AP

14 декабр, пайшанба куни Россиянинг учувчисиз учоғи Руминия ҳудудига Украина билан чегара яқинида қулаганидан сўнг, Бухарестдаги Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақиртирганини маълум қилди. Россия «халқаро қонунларни бузган ҳолда Руминия ҳаво ҳудудини яна бир бор бузди», дейилади идора баёнотида.

Ҳужжатда қайд этилишича, Россиянинг учувчисиз учоғи Гринду шаҳри яқинидаги Руминия ҳудудига қулаган. Шундан сўнг, Руминиянинг F-17 қирувчи самолётлари ва Германиянинг Eurofighter ҳарбий самолётлари тревога бўйича ҳавога кўтарилди.

«Қурилманинг назоратсиз қулаши натижасида чуқурлиги 1,5 м бўлган чуқурлик аниқланди, - дейилади Руминия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. - Украина порти инфратузилмасига ҳужумда фойдаланилган учувчисиз учоқ Гринду шаҳридан юқори оқимда тахминан 4 км узоқликдаги одам яшамайдиган ҳудудга қулаган». Вазирликнинг қайд этишича, ҳолат юзасидан текширув ўтказилади.

Ўз навбатида, Украина ОАВ 14 декабрга ўтар кечаси Одесса вилоятига кўп соатлик ҳужум пайтида учирилган Shahed дрони Руминия ҳудудига қулаганини ёзмоқда. Ушбу ҳужум натижасида 11 киши, жумладан, уч бола яраланган.

НАТО ҳодисани алянсга ҳужум деб ҳисобламайди

НАТО қўмондонлиги нима бўлаётганини кузатди, аммо Россия УУАсини йўқ қилиш ҳақида буйруқ бермади. Алянс рус дронининг қулашини ҳарбий блокка ҳужум деб ҳисобламайди, деб тушунтирди НАТО матбуот котиби Дилин Уайт X ижтимоий тармоғида.

«Биз Россиянинг Украина ва Дунай бўйидаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларини кескин қоралаймиз. Лекин НАТОда Россиянинг иттифоқчиларга атайлаб ҳужум қилганини кўрсатувчи ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз вазиятни кузатишда давом этамиз ва Руминия расмийлари билан яқин алоқадамиз», - деди Уайт.

Мавзуга оид