14 декабр куни жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев билан боғлиқ жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, суд дастлабки тергов органи томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилгани сабабли ишни кўришни 1 ой тўхтатиш бўйича ажрим чиқарган. Жиноят иши тергов давридаги камчиликлар тузатилиши учун Бектемир туман прокуратурасига юборилган.
Тадбиркор билан бирга яна 9 киши босқинчилик ва одам ўғирлаш каби жиноятларда айбланмоқда. Суд ишида Тўрахўжаевнинг синфдоши бўлган жабрланувчи қолган 9 нафар судланувчини танимаслиги ҳақида кўрсатма берган. Шунингдек, суд мажлисида Дилшод Тўрахўжаевга сўз берилганида, у жабрланувчига қарата “Аслида бу ерда сен ўтиришинг керак эди. Тергов жараёнида сенга нисбатан кўрсатма беришимни айтишди, лекин мен бундай қилмадим”, дея таъкидлаган.
Дилшод Тўрахўжаев ким?
Поп тумани Чодак қишлоғида яшаган Дилшод Тўрахўжаев 2000-2020 йилларда Россияда яшаб, ўша ерда тадбиркорлик билан шуғулланган. 3-4 йил олдин Ўзбекистонга қайтиб, жами 400 минг доллар ҳамда 4 млрд сўм кредит ҳисобига Чодак қишлоғида Aparat Hotel Kosmos дам олиш маскани – меҳмонхона-кемпинг хизматларини кўрсатувчи туризм объектига асос солади.
Бу ташаббус президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътиборига тушган.
“Поп тумани Чодак қишлоғидаги 2 гектар тоғли майдонда тадбиркор томонидан 25 миллиард сўмга замонавий дам олиш комплекси барпо этилган. Бунинг ҳисобига бу ерга бир ойда 15-20 минг нафар сайёҳ келмоқда”, дея видеоселектор йиғилишида Тўрахўжаевни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатган Шавкат Мирзиеёв.
2023 йилнинг 12 апрел куни Дилшод Тўрахўжаев ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида қўлга олинган. У билан бирга яна 9 киши ушланган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигининг расмий баёнотига кўра, “йирик уюшган жиноий гуруҳ тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келгани, улар илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судлангани ҳамда ниҳоятда тажовузкор экани сабабли махсус кучларни жалб этган ҳолда” қўлга олинган.

















