Жаҳон | 10:51 / 20.12.2023
5289
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси январгача Украинага ёрдам масаласига қайтмайди

Киевга ёрдам бўйича музокараларда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда, деди сенаторлар Шумер ва Макконнелл. Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага ҳарбий ёрдам бериш учун пул 30 декабргача тугаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Фото: Kevin Lamarque/REUTERS

АҚШ Конгресси Украинага ёрдам бериш масаласига фақат 2024 йилнинг январида қайтади. Бу ҳақда Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер ва АҚШ қонунчилик органи юқори палатасидаги республикачилар озчилиги етакчиси Митч Макконнеллнинг 19 декабр, сешанба куни эълон қилинган қўшма баёнотида айтилади

Сиёсатчиларнинг таъкидлашича, музокарачилар «бироз олға силжишга эришди», аммо «қийин масалалар сақланиб қолмоқда». «Музокарачилар декабр ва январ ойларидаги танаффусларда қаттиқ ишлайди ва бизнинг мақсадимиз - қайтишимиз биланоқ нимадир қилиш», деди Шумер журналистларга. 

Бундан ташқари, қонун чиқарувчилар таътилдан сўнг Қўшма Штатлар чегарасини ҳимоя қилиш бўйича музокараларни давом эттиради. Жанубий Дакота штатидан республикачи сенатор Жон Тюн демократларни сустлиги учун қоралади. 

Пентагон Украинага ҳарбий ёрдам учун маблағ етишмай қолиш хавфини кўрмоқда 

Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) ҳисоб-китобларига кўра, октябр ойи охирига келиб, Вашингтон Киевга уруш бошланганидан бери ҳарбий ёрдам учун 43,8 миллиард доллар ажратган. Аввалроқ Оқ уй АҚШ Мудофаа вазирлиги олинган маблағнинг 97 фоизини Украинага ёрдам бериш учун ишлатиб бўлганини билдирган эди. Айни пайтда Пентагон, агар қонун чиқарувчилар келишувга эриша олмаса, Киевга ҳарбий ёрдам учун маблағлар 30 декабргача тугаши ҳақида огоҳлантирган. 

АҚШ Конгресси Киевга кўмак учун қўшимча маблағ ажратишни ҳали маъқулламади

Октябр ойида АҚШ президенти Жозеф Байден Конгрессга Украина, Исроил ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги операцияларни фавқулодда молиялаштириш учун 106 миллиард доллар миқдорида сўров юборган. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келиша олмади. Декабр ойи ўрталарида Оқ уй раҳбари Киевга 200 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини ажратишни маъқуллаган эди. 

Мавзуга оид