БААда муқим истиқомат қилиб келаётган ўзбекистонликлар орасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда ваколатхонанинг устувор йўналишларида ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон бош консулхонасида фаол ватандошлар билан навбатдаги амалий учрашув бўлиб ўтди.

"Дунё" хабарига кўра, суҳбат чоғида узоқ йиллар давомида ўзининг йирик хусусий туристик компаниясига эга бўлиб, ушбу корхонани муваффақиятли бошқариб келаётган ўзбекистонлик тадбиркор билан 2023 йил якунлари бўйича бош консулхона билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар, шу жумладан туризм йўналишида амалга оширилган тадбирларнинг сарҳисоби қилинди.

Бугунги кунга келиб мамлакат кўплаб ривожланган давлатлар, шу қатори БАА билан ўрнатилган мустаҳкам алоқаларнинг ижобий натижаси сифатида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорлик жадаллашиб бормоқда. Шу муносабат билан сўнгги 4-5 йил ичида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги авиақатновлар сони бир неча бараварга (ҳафтасига 46 рейс) ўсди. Ушбу кўрсаткичларни янада юқори даражага олиб чиқиш бош консулхонанинг асосий устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Учрашув якунида кириб келаётган 2024 йилда ваколатхона раҳнамолигида БААдаги ўзбекистонликларга тегишли бўлган компаниялар имконияти билан мамлакат туристик салоҳиятини араб минтақасида тарғиб қилиш ишлари муҳокама этилиб, ишчи режа тузиб олинди.