Ўзбекистон | 16:09 / 21.12.2023
24801
3 дақиқада ўқилади

Жўрабек Мирзамаҳмудов: Келаси йилдан электр энергияга бўлган эҳтиёжимизни 100 фоиз қоплай оламиз

Энергетика вазирининг айтишича, энерготизимда локал даражадаги турли авариялар рўй бериб туриши мумкин, лекин электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари энг юқори истеъмол даврларида ҳам талабни қондира оладиган даражага етади. “Агар бу вазифани бажара олмасак, мен ва тизимдаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз”, деди Мирзамаҳмудов.

Жўрабек Мирзамаҳмудов / Фото: Energy Intelligence

2024 йилда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари талаб энг юқори бўладиган пайтларда ҳам эҳтиёжни 100 фоиз қондира оладиган даражага етади, деб ваъда берди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Энерготизим раҳбари бу ҳақда журналист Азиза Қурбоновага берган интервюсида айтиб ўтди. Вазир тизимда қилинаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтгач, суҳбат якунида журналист унга қуйидагича савол билан юзланди:

“Агар ишларимиз сиз айтаётгандек шиддат билан кетадиган бўлса, яқин келажакда мамлакатимизнинг барча ҳудудида узлуксиз энерготаъминотга эришишимиз мумкинми? Қанча вақтга кетиши мумкин? Сиз бунга ишонасизми ўзи, шунинг иложи борми? Ҳар бир қишлоқда, ҳар бир овулда охир-оқибат 99 фоизга эриша оламизми?”

Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, вазирлик олдига элекр энергияси бўйича талабни 99 фоиз эмас, 100 фоизга қондириш вазифаси қўйилган ва бу натижага 2024 йилда эришилади.

“99 фоиз дегани – кимнидир таъминлаб бера олмадик дегани. Сентябр, октябр, ноябр ойларида техник жиҳатдан қандайдир узилиш, аварияларни инобатга олмаганда.... Биз ўтган йили ноябр ойида чеклов киритишга мажбур бўлганмиз. Бу йил Худога шукр, ноябр ойида умуман чекловлар киритилмади, барча корхоналар ва аҳолига бир маромда, узлуксиз етказиб берилди.

Бизда олдин фақатгина қишда энг кўп истеъмол бўларди, энди аҳоли даромади ошиб, ҳамма кондиционер ишлатиши, кўп қаватли уйларнинг кўпайиши натижасида ҳозир ёзда ҳам жуда истеъмол юқори бўляпти. Ишга тушадиган қувватлар ёздаги талабни тўлиқ таъминлаш имконини беради.

Албатта, тизимда қаердадир тармоқ узилиши, трансформатор куйиши, ёниши ёки носозлик келиб чиқиши каби ҳодисалар бўлади, лекин генерация тарафидан биз кейинги йилдан 100 фоиз ўзимизнинг ички эҳтиёжимизни қоплаш имкониятимиз пайдо бўлади. Буни таъминлаймиз. Ва шундай вазифа бизга қўйилган. Агар қўйилган вазифани бажара олмасак, нафақат мен, балки тизимимиздаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз деб ўйлайман”, – деди энергетика вазири.

Таъкидлаш лозим, Мирзамаҳмудов ноябр ойида электр энергияси бўйича “умуман чекловлар киритилмагани”ни айтган бўлса-да, Kun.uz'да Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида кунига 2 соатгача режали чеклов киритилгани ҳақида маълумотлар бор.

Мавзуга оид