Ўзбекистон | 11:53 / 22.12.2023
13219
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари жуда илиқ ҳарорат кузатилади

Ўзбекистон бўйича 22-24 декабр кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 22 декабр ва 23-24 декабр кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан илиқ ҳаво кириб келиши давом этади ва ҳарорат кўтарилади.

"Ўзгидромет" хабарига кўра, бугун куннинг иккинчи ярмида ҳаво +8...+13 даражагача, шанба ва якшанба кунлари эса +12...+17 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳам ҳаво илиқ бўлади, якшанба кунига бориб, ҳарорат кечаси +2...+7 даражагача кўтарилади.

Бу кунларда ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларда 24 декабр, якшанба куни асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларга кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин, Фарғона водийсининг айрим жойларига туман тушиши кундузи ҳам сақланиб туради.

24 декабрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтда 22-24 декабр кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ҳарорат бугун кундузи +10...+12 даража илиқ бўлади, шанба ва якшанба кунлари эса кечалари +3...+5 даражагача, кундуз кунлари +14...+16 даражагача аста-секин кўтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид