Малайзия Ўзбекистондан чинни буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилмоқчи
Ўзбекистон дипломатлари ва Малайзиянинг Pasago компанияси ижрочи директори Курниаван Закария ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
«Дунё» хабарига кўра, учрашувда Малайзия томонига Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланган ҳолда озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделлари, озиқ-овқат саноатида халқаро стандартларни кенг жорий этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт географияси бўйича батафсил маълумот берилди.
Курниаван Закария, ўз навбатида, компания фаолияти тўғрисида тўхталиб, ҳозирда Малайзия томони жаҳоннинг 23 давлатидаги экспортёр корхоналар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.
- Компаниямиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Малайзияга етказиб бериш бўйича Ўзбекистоннинг салоҳиятли ишлаб чиқарувчи ва экспортчи корхоналари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, – деди у. – Биз Ўзбекистондан кенг турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, заргарлик ва чинни буюмларни импорт қилишга тайёрмиз.
Учрашув якунида Малайзия компанияси ва мамлакатимизнинг тегишли ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида онлайн музокаралар уюштириш тўғрисида келишиб олинди.
Мавзуга оид
15:27 / 12.09.2024
Ўзбекистон 7 ойда қанча электромобил импорт қилгани айтилди
09:49 / 06.09.2024
Газ қазиб олишнинг қисқариши ва импортнинг ортиши солиқ тушумларини камайтириб юборган
16:14 / 31.08.2024
Ўзбекистон ва Малайзия "Ҳалол" сертификатини жорий этишни муҳокама қилди
23:39 / 26.08.2024