Ҳукуматга яқин айрим сиёсатчилар бундай режа йўқлигини айтишмоқда, аммо BBC Украина хизматининг Бош штабдаги манбаси бундай ҳужжат мавжудлиги, аммо фронтдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда унга доимий равишда ўзгартириш киритилаётганини қайд этишган.

Ноябр ойи охирида «Слуга народа» партиясининг Олий Рададаги фракцияси раҳбари, миллий хавфсизлик ва мудофаа бўйича қўмита аъзоси Давид Арахамия гўёки Бош штабда кейинги йил учун «уруш режаси» йўқлигини айтганди.

«Дарвоқе, биз қўмитада уни анчадан буён кутяпмиз… Бундай режа ҳеч кимда йўқ», — деган у телебошловчи Наталя Мосейчукка берган интервюсида.

«Режа» йўқлиги ҳақидаги тезисни Арахамиянинг қўмитадоши ва фракциядоши Маряна Безуглая илиб олди. Депутат сўнгги ойларда фаоллик билан бош қўмондон Валерий Залужнийни танқид қилмоқда ва уни алмаштиришга чақирмоқда.

Унинг талқинига кўра, бу ҳужжат «ўйланган ишлар режаси» дейилади ва уни гўёки Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ишлаб чиқиши ҳамда тақдим этиши лозим.

«Ҳа, Украина ҚК бош қўмондони 2024 йилга ўйланган ишлар режасини тақдим эта олмади. На катта, на кичик, на ассиметрик ва на симметрик [ҳеч қандай режа йўқ], — дея ёзди депутат ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, — Ҳарбийлар шунчаки ойига камида 20 минг кишини йиғиш кераклигини айтшимоқда. Бу муаммо ёзда ҳам, штаб йиғилишида ҳам ва парламентда 2024 йил учун бюджетни режалаштиришда ҳам кучайиб борди».

Безуглая ҳарбий раҳбариятни ўз лавозимларини тарк этишга чақирган.

«Слуга народа» фракцияси депутати Маряна Безуглая бош қўмондон Залужнийни 2024 йил учун «уруш режаси йўқлиги»да айблаб танқид қилганди. Президент Зеленский офиси унинг баёнотлари шахсий позицияси эканини билдирган

Президент офисидагилар депутатларда ҳарбий раҳбарият алмаштирилиши ташаббуси билан чиқиш ваколати йўқлигини билдиришган. Бундай ваколат фақат олий бош қўмондон Володимир Зеленскийда мавжуд.

«Депутатлар у ёки бу ҳарбийнинг истеъфоси ташаббуси билан чиқа олмайди… Албатта, Безуглая хоним Миллий мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида тегишли лавозимни эгаллаган ва тегишли баёнотлар билан чиқади. Аммо яна бир бор қайд этаман — бу президент офисининг ёки шахсан президентнинг расмий баёноти ҳисобланмайди ва шунинг учун расмий баёнотни кутиш керак», — деган президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Радио НВ» эфирида.