Жаҳон | 15:16 / 23.12.2023
6864
3 дақиқада ўқилади

Зеленскийнинг идораси украиналик қочқинлар учун чақириқ эълон қилиш ғоясини маъқуллади

Украиналик қочқинларни УҚК сафига чақириш масаласи Бош штаб, Украина Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, бошқа давлатлар ҳукуматлари даражасида муҳокама қилиниши керак, деди президент девони раҳбари маслаҳатчиси Подоляк. 

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина ҳукумати томонидан ушбу мамлакатдан қочқинларни ҳарбий хизматга чақириш эҳтимоли ҳақида гапирди. «Бу тўғри фикр», деди Подоляк 22 декабр, жума куни эълон қилинган «24-канал»га берган интервюсида.

«Шунга қарамай, онгли бўлиш керак, чунки бу ғалати кўринади. Бу ерда кимдир мамлакатда содир бўлаётган воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак. Ва у ердагилар бу одамлар ҳаммасини тугатгунча кутади. Кейин келиб, ҳеч нарса бўлмагандек Украинани қуришда давом этамиз. Бу ерда вазир мутлақо ҳақдир», — дея қўшимча қилди Украина президенти девони вакили.

Бу масалани УҚК Бош штаби, Украина Мудофаа вазирлиги ва бошқа вазирликлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги даражасида муҳокама қилиш керак, деб ҳисоблайди Подоляк. Бундан ташқари, украиналик эркаклар бўлган бошқа мамлакатлар ҳукуматлари билан маслаҳатлашувлар зарур, «бу улар у ерда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олишда давом этиши, муайян имтиёзларга эга бўлиши ва ёрдам олиши нуқтайи назаридан муҳим», деб тушунтирди у. 

Умеровнинг украиналикларни чет элдан ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги баёноти 

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров аввалроқ Bild, Welt TV ва Politico нашрларига берган интервюсида Украина ҳукумати Россияга қарши уруш учун янги аскарларни излаш ниятида экани, 2024 йилдан чет элдаги 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган украиналик эркакларни муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун захирадан чақиришни режалаштиргани ҳақида айтган эди. Орадан кўп ўтмай, Украина Мудофаа вазирлиги Умеровнинг сўзларини рад этиб, «кун тартибида чет элдан ҳарбий хизматга чақириш масаласи муҳокама қилинмаганини» билдирди. Украина Мудофаа вазирлиги матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Илларион Павлюкнинг сўзларига кўра, вазир, умуман олганда, ёллаш ва хориждаги украиналикларга армия сафига қўшилиш қанчалик муҳимлигини тушунтириш зарурлиги ҳақида гапирган. 

Киев яна 500 минг кишини ҳарбий хизматга чақирмоқчи 

19 декабр куни Украина президенти Володимир Зеленский йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Киев қўшимча 450-500 минг кишини ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи эканлигини айтди. Тегишли қонун лойиҳаси тайёрланмоқда, кейин у Олий радага кўриб чиқиш учун киритилади, деди Украина давлати раҳбари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид