Жамият | 08:40 / 24.12.2023
15031
2 дақиқада ўқилади

Андижонда қалбаки 500 минг долларни айирбошлашга уринган шахслар қўлга олинди

Фото: Видеодан кадр

ДХХ ходимлари Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида Россия ҳамда Туркиядан келтирилган қалбаки АҚШ долларлари муомаласига чек қўйди.

Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятида яшовчи шахс 50 долларли купюралардан иборат бўлган қалбаки 19 250 АҚШ долларини ҳақиқий 10 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, у Россиядан олиб келинган ушбу қалбаки купюраларни Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқародан келгусида ўтказиш мақсадида сотиб олгани аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи икки нафар шахс қалбаки 500 минг долларни харидор билан ҳақиқий 325 минг долларга айирбошлашга келишиб, дастлаб унга намуна сифатида Қирғизистондан олиб келинган 100 долларлик купюралардан иборат қалбаки 7600 долларни ҳақиқий 5 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган «Эркин» ЙПХ масканида Lasetti автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Бухоро шаҳрида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг ёнида 100 долларлик купюралардан иборат қалбаки 8900 доллар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, мазкур фуқаро Туркияда тайёрланиб, Қирғизистон орқали Ўзбекистонга олиб келинган ушбу қалбаки хорижий валютларни келгусида сотиб, даромад топиш мақсадида Тошкент шаҳрига келаётган бўлган.

 

Мавзуга оид