Ўзбекистон мусулмон дунёсини ўзига жалб қила олади. Юртимиз –

  • Ислом маданияти ўчоғи;
  • машҳур алломалар ватани;
  • минг йиллик ўтмиш билан боғланган тарихий мафтункор бинолари бор;
  • лаззатли таомлари билан машҳур;
  • Ипак йўлининг марказида жойлашган Шарқ гавҳари.

Мамлакатимизга мусулмон сайёҳлар оқими йилдан йилга ортиб бормоқда. Аммо сайёҳларда Ўзбекистон ҳақида янада яхшироқ таассурот қолиши учун шарт-шароитлар янада яхшиланиши керак.

Мусулмонлар учун дўстона туризм – туризм саноатининг ихтисослашган шакли. У Ислом тамойилларига мувофиқ равишда мусулмон саёҳатчиларни қабул қилишга қаратилган. Бунда йўналишлар, турар жойлар, кўрсатиладиган хизматлар ва объектлар (масканлар) мусулмон ташриф буюрувчилар учун қулай, Ислом дини талабларга мос бўлади.

Аммо бу нафақат мусулмондар учун – барча учун инклюзив ва меҳмондўст муҳит яратиш вазифасидир.

Маълумот учун: Мусулмонларнинг глобал саёҳат индекси (GMTI) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб мусулмон саёҳатчиларнинг умумий сони 2023 йилда 140 миллионга етиб, пандемиядан олдинги даражага яқинлашган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 2028 йилга бориб 230 миллионга етиши кутилмоқда, бунга сарфланадиган маблағ эса 225 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин.

2022 йил мусулмон сайёҳатчилар учун энг қулай мамлакатлар рейтингида кучли йигирматаликда Малайзия етакчи, Туркия, Саудия Aрабистони ва Индонезия 2-ўринни эгаллаган, Ўзбекистон рейтингда сезиларли яхшиланиб, 7 поғона юқорилаб, 9-ўринни эгаллаган.

Дунё бўйлаб муваффақиятли МДТ ташаббуслари

Малайзия – етакчи давлат

Фото: Hari Anggara

Малайзия мусулмонлар учун дўстона туризми билан машҳур. Мамлакат “ҳалол” сертификатига эга муассасаларга, кўплаб масжидларга, бой Ислом меросига эга. Куала-Лумпур халқаро аэропорти намоз ўқиш жойлари ва таҳорат олиш учун шинам имкониятларга эга, бу каби шарт-шароитлар барча йирик савдо марказлари, анжуман саройлари, диққатга сазовор жойларда мавжуд.